“C5+1”: Ўзбекистон томони қандай ташаббусларни илгари сурди?
Бугун Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Америка Қўшма Штатларини бирлаштирган “C5+1” форматидаги вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур йиғинда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, узоқ муддатли инвестицияларни жалб этиш, транспорт, энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов “C5+1” доирасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, минтақанинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда ўзаро шерикликни аниқ амалий натижалар билан бойитишга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди.
– Бугун биз “C5+1” шериклигига янги стратегик мазмун бериш имкониятига эгамиз. Ҳамкорлигимизнинг кейинги босқичи нафақат икки томонлама алоқаларни кенгайтиришга, балки Марказий Осиёнинг яхлит ва янги имкониятларга бой минтақа сифатидаги салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилиши лозим, – деди у.

Вазирнинг қайд этишича, бугун Марказий Осиё тобора жипслашиб, ўз тараққиёт йўлини мустақил белгилаш ва халқаро жараёнларда фаол иштирок этиш салоҳиятини мустаҳкамламоқда. Шу нуқтаи назардан, “C5+1” форматидаги ҳамкорликнинг навбатдаги босқичида минтақанинг мавжуд имкониятларини бирлаштириш, иқтисодий боғлиқликни кучайтириш, илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш ҳамда жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш устувор вазифалардан бири бўлиши лозим.
Хусусан, Ўзбекистон томони муҳим минераллар соҳасида стратегик шерикликни ривожлантириш ташаббусини илгари сурди. Мазкур таклиф геологик қидирув ишларидан бошлаб минерал хомашёни чуқур қайта ишлаш ва маҳаллий саноат кластерларини ташкил этишгача бўлган жараёнларни қамраб олади.

– Устувор йўналишларимиздан бири сифатида муҳим минераллар соҳасида геологик қидирув ва минерал хомашёни қайта ишлашдан тортиб, маҳаллий саноат кластерларини ташкил этишгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи стратегик шерикликни ривожлантиришни таклиф этамиз, – деди Б.Саидов.
Мамлакатимиз ташқи сиёсати идораси раҳбарининг таъкидлашича, Марказий Осиёнинг бой табиий ресурслари, ўсиб бораётган бозорлари, инсон капитали ва қулай стратегик географик жойлашувини АҚШнинг илғор технологиялари, инвестициявий капитали ҳамда тадбиркорлик тажрибаси билан уйғунлаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис, Ўзбекистон томони мазкур имкониятлардан биргаликда фойдаланиш орқали узоқ муддатли, ўзаро манфаатли иқтисодий шерикликни шакллантириш зарурлигини қайд этди. Бундай ёндашув минерал ресурсларни ўзлаштириш билан чекланиб қолмасдан, уларни қайта ишлаш ва саноат кооперациясини ривожлантиришга ҳам қаратилган. Шунингдек, Ўзбекистон “C5+1” Котибиятидаги ҳамраисликни қабул қилиб, ҳамкорлик доирасида эришилган келишувларни амалий натижаларга айлантиришга тайёрлигини билдирди. Бу борада мавжуд ташаббусларни изчил давом эттириш, ҳамкорлик механизмларининг узвийлигини таъминлаш ва белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратилиши айтилди.
– Бизнинг умумий вазифамиз – ушбу устунликларни бирлаштириб, халқларимизга аниқ манфаат келтирадиган узоқ муддатли шерикликни барпо этишдир, – деди вазиримиз.

Учрашувда Бахтиёр Саидов АҚШ Давлат котиби Марко Рубиони Ўзбекистонга илк ташрифи билан қутлаб, унинг ва жамоасининг икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан Марказий Осиёга ва минтақа билан ҳамкорликнинг кенгайиб бораётган имкониятларига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
Вазир Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари ўртасида шаклланган дўстона ва ўзаро ишончга асосланган мулоқот икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очганини таъкидлади.

Эътиборлиси, бугунги учрашувнинг айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилиши ҳам рамзий аҳамиятга эга. Зеро, 2015 йилда “C5+1” форматидаги илк вазирлар учрашуви ҳам шу ерда ташкил этилган эди. Ўтган давр мобайнида мазкур мулоқот механизмининг кун тартиби кенгайиб, ҳамкорликнинг янги йўналишлари шаклланди.
Б.Саидов ўз нутқида Самарқанд асрлар давомида халқлар, бозорлар, билим ва ғояларни ўзаро боғлаб келганини тилга олиб, бугунги мулоқот ҳам Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни янада яқинлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Умуман, Самарқандда илгари сурилган таклифлар “C5+1” форматидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш, муҳим минераллар соҳасида стратегик шерикликни ривожлантириш, инвестиция ва технологиялар алмашинувини кенгайтириш ҳамда минтақанинг иқтисодий имкониятларини тўлиқроқ рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА