“Бюрократияни бартараф этиш — 2030”: Рақамли бошқарув ва халқ ишончини мустаҳкамлашнинг янги босқичи
2026 йил 12 май куни “Бюрократияни бартараф этиш — 2030” дастури доирасида вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари учун халқаро семинар-тренингнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Икки кунлик тадбир Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) экспертлари кўмагида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазир ўринбосари Моҳамед Рашид бин Талиаҳ, БААнинг хизматларни ривожлантириш ва “Zero Bureaucracy” дастурлари ижрочи директори Ҳишам Амирий ҳамда Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров сўзга чиқди.
Таъкидланганидек, “Бюрократияни бартараф этиш — 2030” дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 ноябрдаги “Давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Дастурнинг асосий мақсади — давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматлари сифати ва очиқлигини янги босқичга кўтаришдан иборат.
[gallery-29361]
Бугунги кунда давлат хизматларига бўлган талаб юқорилиги ислоҳотларнинг долзарблигини кўрсатмоқда. Хусусан, 2026 йил бошидан буён my.gov.uz портали орқали 24 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилган. Шу билан бирга, бизнесни рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш, ижтимоий тўловларни расмийлаштириш ва мулкий ҳуқуқларни қайд этиш соҳаларида ҳануз ортиқча ҳужжатбозлик ва мураккаб маъмурий жараёнлар сақланиб қолмоқда. Семинар давомида БАА Бош вазири канцлерияси, Адлия, Соғлиқни сақлаш, Энергетика ва инфратузилма вазирликлари мутахассислари “Zero Government Bureaucracy” ташаббусини амалга ошириш бўйича илғор халқаро тажрибани тақдим этдилар.
Тадбир доирасида “Zero Bureaucracy” рақамли платформаси (www.byurokratiyasiz2030.uz) намойиш этилди. Мазкур платформа маъмурий жараёнларни таҳлил қилиш, тўсиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш имконини беради. Платформа идоралараро ҳамкорлик учун ягона рақамли муҳитни шакллантириб, ислоҳотлар самарадорлигини аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолашга хизмат қилади.
Дастурнинг моҳияти — ҳар бир қарор қабул қилиш бўғини ва мурожаатлар билан ишлаш тизимини танқидий таҳлил қилишдир. Бунинг натижасида маъмурий тартиб-таомиллар соддалаштирилади, бошқарув даражалари ўртасида ваколатлар қайта тақсимланади ва жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади. Бу чора-тадбирлар давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва халқнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилади.
ЎзА