Буюк орзуларимиз ижобати
Бугун бизнес соҳасида ўзининг илк қадамларини қўйиб, дастлабки маҳсулот чиқаришни бошлаб юборган Лайло каби ёш тадбиркорлар юртимизнинг барча ҳудудларида кўплаб топилади.
Қизилтепа маиший хизмат касб-ҳунар коллежи битирувчиси Лайло Олимова тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Ўзининг аниқ бизнес лойиҳасига эга ёш тадбиркор “Ҳамкорбанк”дан олган 20 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи эвазига ширинликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ташкил қилиб, 5 нафар тенгдошини иш билан таъминлади.Бугун бизнес соҳасида ўзининг илк қадамларини қўйиб, дастлабки маҳсулот чиқаришни бошлаб юборган Лайло каби ёш тадбиркорлар юртимизнинг барча ҳудудларида кўплаб топилади. Бунда Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 28 июлда қабул қилинган “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур фармон ёшларда замонавий технология ва асбоб-ускуналар асосида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган, ички ва ташқи бозордаги ўзгаришларга тез мослашадиган минизавод ё корхона ташкил этиш имконини бераётир. Жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқараётган ёш тадбиркорлар, ўзи етиштирган маҳсулотни қайта ишлашни йўлга қўйган, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик каби сердаромад соҳаларда юқори натижаларга эришаётган ёш фермерлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, уларнинг ўз фаолиятига замонавий, илғор усулларни татбиқ этишга интилиши эътиборлидир.
– Президентимиз раҳнамолигида биз, ёшларга кўрсатилаётган эътибордан руҳланиб, ўз бизнесимни йўлга қўйдим, – дейди Лайло Олимова. – Ўқув йили якунида тақдим қилган лойиҳам “Ҳамкорбанк” мутасаддилари томонидан ўрганилиб, айрим жойларига қўшимчалар киритилди. Янада такомиллашган иш режамни амалиётга татбиқ этишга киришдим. Ҳозир корхона бир маромда ишламоқда, маҳсулотларимизнинг дастлабки харидорлари ҳам тайёр.
Корхонада ҳар бир жиҳат эътиборга олиниб, ишчилар учун замонавий шароитлар яратилгани тадбиркорнинг пухта тайёргарлигидан далолат бериб турибди.
Эндигина ўн тўққиз ёшни қарши олган бу қиздаги шижоат, мақсад сари интилиш, қатъият, келажакка йўналтирилган сармояни тўғри тақсимлай олиш қобилиятининг боиси нимада?
Илгари ўрта мактабни битирган бола бирор олий ўқув юртига кирса яхши, акс ҳолда аттестатли бекорчилар қаторидан жой оларди. Ўн йиллик умумтаълим мактабини битирган ёшларнинг аксарият қисми муайян мутахассислик бўйича зарур билим олиш имкониятига эга бўлмаганидан йиллар давомида гоҳ у, гоҳ бу олий ўқув юртига қайта-қайта ҳужжат топшириб, умрининг айни куч-шижоатга тўла даврини беҳуда совуриб юборганини ўзи ҳам сезмай қоларди.
У кезларда коллеж, лицей деган таълим муассасалар у ёқда турсин бундай тушунчалар ҳам бўлмаган.
Бугунги кунда ўрта махсус таълим масканини битирган ҳар бир ёш камида бир ҳунар ўрганиб, муайян касб-корнинг бошини тутмоқда. Уларни иш билан таъминлаш борасида эса кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
Республика Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази бошқарма бошлиғи Абдухалил Раҳмоновнинг айтишича, жорий йил мамлакатимиздаги 1394 касб-ҳунар коллежини 495 мингдан зиёд ўқувчи тамомлаган. Уларни иш билан таъминлаш бўйича 171 минг корхона ва ташкилот билан уч томонлама шартномалар тузилган. Яқин кунларда касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг қанчаси олий ўқув юрти талабаси бўлгани ойдинлашади.
Касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш муҳим жараён бўлиб, бу кўплаб чора ва қарорлар қабул қилишни талаб этади. Экспертларнинг фикрича, юзлаб йигит-қизларни иш билан таъминлашга ёрдам берадиган бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш бу борада самарали усуллардан биридир. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида юртимиз бўйича мингга яқин шундай тадбир ташкил этилган. Бундай ярмаркаларда ёшлар ўзларига мос иш ўринларига эга бўлмоқда.
– Пастдарғом тиббиёт коллежини тамомладим, – дейди Муниса Ҳақбердиева. – Меҳнат ярмаркасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан таклиф этилган иш ўринлари билан танишдим. Таклиф этилган иш ўрни менга маъқул келди. Қишлоқ врачлик пунктига ҳамшира сифатида иш бошлаш учун йўлланма олдим.
Бугун қайси даврада бўлманг, ота-оналарнинг фарзанди коллежни битириб ишга жойлашгани ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлагани, бу масалада коллеж маъмурияти, маҳалла жамоатчилиги, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари масъулиятни ўз зиммасига олаётганидан кўнгли тўлиб, фахрланиб сўз юритаётганига гувоҳ бўласиз. Бу ўзлари учун армон бўлган, эркин фаолият бошлаш у ёқда турсин «колхоз» деб аталган хўжаликдан нарига ўтмаган одамларнинг орзулари ижобатидир.
– Қизим Маҳбубахон касб-ҳунар коллежини битириб, ўз бизнесини бошлади, – дейди Термиз шаҳар Гулистон маҳалласида яшовчи Шаҳрибону Бегимова. – Қишлоғимиздан ўнга яқин қизни ёнига олиб, тикувчилик цехи очди. Туман марказидаги ип йигирув фабрикасига ишга кириш бизнинг ёшликдаги энг катта орзуимиз эди. Бугун фарзандларимиз ўзлари шундай корхона ё фабрика ташкил этиб, уни маҳорат билан бошқараётир. Бу кўнглимизни тоғдай кўтаради. У замонларда корхона ё ташкилот раҳбарига ҳавас қилардик. Ҳар қалай, раҳбар деганда ёши катта, сочига оқ оралаган, одам тушуниларди. Юртбошимиз яратиб бераётган шароит ва имкониятлар туфайли ҳали йигирма ёшга тўлиб-тўлмай ўз бизнесини йўлга қўйган, корхона ёки фермер хўжалигига раҳбарлик қилаётган ёшлар кўп. Бунинг бари узоқни кўзлаб оқилона юритилаётган сиёсат самараларидир.
– Хўжалигимиз асосан пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган эди, – дейди Амударё туманидаги “Жавлон” фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Каримов. – Биз, ёшларга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик, яратилаётган шароит ва имкониятлардан фойдаланиб, хўжалигимизни кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирдик. Чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчиликни йўлга қўйдик. Қўшимча иш ўринлари яратилди. Келажакда ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилиб, ўзимиз етиштираётган маҳсулотларни қайта ишлашни ҳам йўлга қўймоқчимиз.
Меҳнат бозорида рақобатбардош ва етук мутахассисларга бўлган эҳтиёжни тўла қондириш мақсадида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу жараёнда умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига қамраб олиш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур адабиётлар, ўқув-услубий мажмуа ва илғор педагогик технологиялар билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Корхона ва ташкилотларни турдош коллежларга бириктириш, битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиёти ва кейинчалик ишга жойлашувини таъминлаш мақсадида “коллеж-корхона” ҳамкорлиги йўлга қўйилгани ёшларни ишлаб чиқариш ўқув амалиётига жалб этиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Бу жараёнда фаол иштирок этаётган корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд иш ўринларига малакали мутахассисларни жалб қилиш мақсадида касб-ҳунар коллежлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.
Маълумотларга кўра, 2013 йил коллеж битирувчиларининг кўпчилиги йирик саноат корхоналарига ишга қабул қилинган. Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатларида 1550 дан зиёд ёш мутахассис иш билан таъминланган бўлса, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси 420 нафар битирувчи билан меҳнат шартномаси имзолаган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
– Корхонамизга саксонга яқин коллеж бирувчисини ишга қабул қилдик, – дейди Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги «Исмоилжон гиламлари» хусусий корхонаси раҳбари Иброҳимжон Султонов. – «Устоз-шогирд» анъаналари асосида ёшларга малакали ишчилар томонидан касб сирлари пухта ўргатилмоқда. Уларга зарур шароитлар яратиш мақсадида соҳа мутахассислари билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Эътиборлиси, йиллар давомида корхонамизда иш бошлаган ёшларнинг бир қанчаси бугун мустақил равишда ўз тадбиркорлик фаолиятини олиб бормоқда. Бундан биз ҳам, уларнинг ўзи ҳам, ота-оналар ҳам хурсанд.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан олинган маълумотларга қараганда, ёш мутахассислар ўртасида сўров ўтказилиб, уларнинг ишга, ўз келажагига муносабати, меҳнатга лаёқати ўрганиб борилади. Таҳлилларга кўра, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг асосий қисми ўз мутахассислиги бўйича ишлаш ниятида. Жумладан, шу йил коллежларни битираётган 258 минг 904 қизнинг аксариятини иш билан таъминлаш масаласи ҳал бўлган. Уларнинг бир қисми олий ўқув юртига ҳужжат топширишни мақсад қилган бўлса, қарийб 13 минг нафари тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган.
...Яқинда эски газета тахламларини варақлаётиб, Президентимиз Ислом Каримовнинг 1990 йил 24 февралдаги нутқини ўқидим. Унда шундай сўзлар бор: “Ёшларни замонавий фан-техниканинг, умуман, илм-фаннинг ютуқларидан баҳраманд қилмасдан, уларга юқори малакали ихтисос эгалари бўлиб етишишга шароит туғдирмай туриб, биз республикамиз халқ хўжалигини, саноат ишлаб чиқариш соҳаларини тубдан ўзгартира олмаймиз”.
Бу юртимизда замонавий таълим-тарбия, илм-фан, касб-ҳунар ўргатиш тизимини ислоҳ қилиш, ўз мустақил фикри ва иродасига суянадиган баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги буюк орзулар, эзгу ишларимизнинг бошланиши эди.
Бугун ана шу буюк орзуларнинг амалдаги ижобатини кўриб турибмиз. Орзунинг чегараси йўқ, яъни изланиш, тараққиёт жараёни узлуксиз ва тизимли равишда давом этаверади. Бу барчамизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлайди.