Ғиждувон туманидаги Зарангаре маҳалласига кириб боришингиз биланоқ футбол майдончасида тўп сураётган ёшларга кўзингиз тушади. Спортга қизиқиши тобора ортаётган ўнлаб зарангарелик болалар ёнида яқинда тўқсон ёшини нишонлайдиган Меҳмон бобо Раҳматовга ҳам кўзингиз тушади.
Энг муҳими, бобонинг соч-соқоли оқарган бўлса-да кўнгли худди йигирма- ўттиз ёшли йигитларникидай ёш. У дарвозага гол ураётган ёшларни кўрганида завқланганидан қийқириб, хурсандлигини ошкора намоён қилаётганини англаб, ҳайратингиз янада ошади. Ҳатто ўзи ҳам ана шу болаларга қўшилиб тўп сургиси келаётгандай жойидан ирғиб туриб кетади.
Ўн йили кам бир аср яшаётган нуроний бунча ғайрату қувватни қайдан олган? Нега унинг бутун вужудидан хурсандчилик,шижоат ёғилиб туради?
– Бунинг сири оддий, – дейди Меҳмон бобо Раҳматов. – Тонг саҳардан сайрга чиқиб кетаман. Қарийб беш чақирим пиёда юраман. Тарки одат, амри маҳол, деганларидай узоқ йиллардан буён кўпроқ ҳаракат қилишга одатланганман. Эҳтимол, бошқа сабаблари ҳам бордир. Чунки мен кўп овқат ейишни ёқтирмайман. Тўғри, ёшлигимдан гўшт тановул қилишни, айниқса қўй этини, қатиқ ва сутни хуш кўраман. Аммо ҳамма нарсада ҳам меъёр бўлгани яхшироқ. Истаралик Роҳат момо Худойқулова исмли опам бурноғи йили тўқсон саккиз ёшида бу ёруғ оламни тарк этдилар. Роҳат опам айтар эдиларки, укам, ҳаракат қилинг, доимий равишда меҳнат қилиб, нима биландир машғул бўлган киши ҳеч қачон қаримайди, дер эдилар. Унинг укалари - амакиларим мулла Қарши билан Эшонқул ҳам салкам тўқсонга яқинлашди..Мен жуда узоқ йиллар Ғиждувондаги колхозларда тракторчи бўлиб, фақат бир касбда ишлаганман. Эртадан кечгача далада тер тўкиб меҳнат қилар эдик. Ҳали ер ҳайдаш, чигит экиш, культивация, ғўза қатор ораларига ишлов бериш, ҳашаротларга қарши кураш учун заҳарли химикатларни трактор ёрдамида сепиш...Эҳҳе, йил-ўн икки ой пахтазордан бери келмас эдик. Мана Оллоҳга шукур, Истиқлол туфайли машаққатлар ортда қолиб кетди.
–Ана шундай ижобий фазилатларингиз, ҳаракатчанлик, ишчанлигингиз фарзандларингизга ҳам юққанми? – дедим Меҳмон бобога синовчан тикилиб.
– Оллоҳга шукур, ўн бир нафар ўғил-қизим борлигидан ниҳоятда хурсандман. Уларнинг барчаси уйли-жойли бўлиб кетишган. Салкам юз нафарга яқин невара-чевараларим бор. Айниқса, Неъмат, Исмат, Ҳикмат, Аброр, Асрор, Аҳрор, Аваз сингари ўғилларим доимий равишда меҳнат қилишга интиладилар. Қизларим ҳам ақлли, меҳнаткаш. Ҳалол ризқ топиш учун турли касбларда тинмай ишлайдилар. Шу боисдан рўзғори бут, кўнгли чоғ. Ҳозирги замонда ишлаган одам ҳеч қачон хор бўлмайди.
Меҳмон бобо мен билан гурунглаша туриб қўлига бел олди-да, томорқасидаги боғларни суғоришга киришиб кетди. Сўнгра суҳбатни давом эттирди.
–Бухородаги тарихий ёдгорликларни, айниқса Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини ҳамиша пиёда айланиб, зиёрат қилишдан эринмайман, – деди ариқлардаги сувни бошқарар экан. – Гапнинг очиғини айтайми, доимо ҳаётдан завқ олиб яшаш керак. Театрга тушиб тураман. Телевизордан мазза қилиб қўшиқ тинглайман. Саёҳат қилишни яхши кўраман. Яқинда Сурхондарё билан Қашқадарё вилоятларига бориб келганимнинг боиси ҳам шунда. Отам Раҳматулла бобо Жумағулов Амир Олимхоннинг саройида хизмат қилганлар.
Меҳмон бобо чаққон. Қувноқ. Юморни севади. Аскияга қизиқади. Умр йўлдоши Салия опа унга баъзан эртаклар, ривоятлар айтиб берганида соатлаб тинглаб ўтиришни хуш кўради. Ҳозир ҳам кўзойнак тақмасдан тарихий асарларни, журналларни ўқиб ўтиришни канда қилмайди.
Тўқсонинчи баҳорини қаршилаётган Меҳмон бобога қараб туриб ҳамон қувноқ ва чаққонлигига ҳавас қилдим. Бугунги ёшларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўлаётган кексалар ҳамиша омон бўлсин, дея суҳбатни якунлагинг, ХХ ва ХХI асрнинг машаққатли ва шарафли дамларини шодон, серфайз, матонат билан ўтказишда давом этаётган бахтли нуронийга тасаннолар айтгинг келади.
Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири