Бухорода тиббий хизматлар сифати юксалмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда вилоятда 259 та давлат тиббиёт муассасаси ва 700 дан ортиқ хусусий тиббиёт ташкилоти фаолият юритмоқда. Кейинги йилларда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш кўлами кенгайтирилди.
2025 йилда 70 та тиббиёт муассасасида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада янги даволаш масканлари фойдаланишга топширилиб, аҳоли учун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари янада кенгайди.
Вилоятда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этиш ва ривожлантиришга ҳам катта аҳамият берилмоқда. Жорий йилда қатор янги даволаш усуллари ва кам инвазив жарроҳлик амалиётлари амалиётга татбиқ этилди. Бу эса беморларга малакали тиббий ёрдамни ўз ҳудудида олиш имконини яратмоқда.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам муайян натижаларга эришилмоқда. Туркия, Германия, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг нуфузли тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, шифокорлар малакасини ошириш, илғор тажриба ва технологияларни жорий этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
[gallery-29904]
Шунингдек, профилактика тадбирлари ва скрининг дастурлари орқали касалликларни эрта аниқлаш кўрсаткичлари яхшиланиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш самарадорлиги ортиб бормоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Бухоро вилоятида соғлиқни сақлаш тизими сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, аҳолига замонавий ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА