Бухорода меҳнат қилиш истагидаги инсонлар учун имкониятлар кенгаймоқда
Бухоро вилоятида ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат фаолиятига жалб этиш, улар учун муносиб иш ўринлари яратиш ва бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида 2 минг 625 нафар ногиронлиги бўлган шахснинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш доирасида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 5 нафар, жазодан озод қилинган 35 нафар ҳамда зўравонликдан жабрланган 78 нафар хотин-қизнинг иш билан таъминланишига кўмаклашилди.
[gallery-30953]
“Бандликка кўмаклашиш субсидияси” доирасида ногиронлиги бўлган шахсларни уч ой ва ундан ортиқ муддатга ишга қабул қилган иш берувчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам амалга оширилмоқда.
Ишга жойлашган шахсларнинг янги меҳнат жамоаси ва иш жараёнига мослашишига кўмаклашиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига психолог ва сурдо-таржимон хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Айни пайтда 15 та тадбиркорлик субъектига ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш ўринларига мослашиши учун 136,8 миллион сўм миқдорида субсидия тўлаб берилди.
Бундай чора-тадбирлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг даромад манбасига эга бўлиши ва жамиятда фаол ўрин эгаллашига хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА