Бухорода доира усталари фестивали бўлиб ўтди
Бухоро шаҳридаги Лаби Ҳовуз мажмуасида жойлашган Кўкалдош мадрасасида Бутунжаҳон номоддий маданий мерос кунига бағишланган «Бухоро доира садолари» фестивали ўтказилди.
Миллий мусиқа санъатини ривожлантириш, доира ижрочилиги анъаналарини кенг тарғиб этиш ва ёш авлоднинг миллий мусиқага бўлган қизиқишини оширишга қаратилган фестивалда таниқли доира усталари, вилоятда фаолият юритаётган доирачилар ҳамда доира ансамбллари иштирок этди.
Фестиваль вилоят ҳокимлиги, ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш йўналиши, «Умрбоқий мерос» Ўзбекистон маданияти ва санъати маркази, вилоят Маданият бошқармаси, Ўзбекистон давлат филармониясининг вилоят бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
[gallery-31887]
Тадбир якунида фестивалда фаол иштирок этган доира усталари ва ижодий жамоаларга вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар номидан ташаккурномалар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА