Бухорода чигит экишга киришилди
Бухоро тумани “Шергирон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Қобил Собир” фермер хўжалиги даласида чигит экиш мавсуми олдидан кўргазмали амалий семинар ташкил этилди.
Вилоят ҳамда туманлар аграр мажмуаси, туманлар ҳокимлари ўринбосарлари, соҳага масъул ташкилот ва корхоналар, пахта-тўқимачилик кластерлари, тадқиқотчи ва мутахассислар, пахта-тўқимачилик кластер корхоналари мутасаддилари, фермерлар қатнашган семинарда плёнка остида ва очиқ майдонда чигит экиш агротехник талаб ва меъёрлари, техникалар созлиги, чигитни бир текис ундириб олиш билан боғлиқ жараён амалий машғулотда батафсил тушунтирилди.

Кўргазмали амалий семинарда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов, республикадан вилоятга бириктирилган вакил, Ички ишлар вазирининг ўринбосари Саидкарим Нишонбоев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Амрилло Назаров ва бошқалар экиш агротехнологияси хусусидаги фикрларини билдириб, фермер хўжаликлари раҳбарлари, деҳқонларга ўз тавсия ва таклифларини берди.

Жорий йилда ўтган йилгидан салмоқлироқ, яъни 85 минг гектар майдонда серҳосил навларга хос чигит экиб, “оқ олтин” хирмони барпо этиш мақсад қилинган. Бу жараёнда вилоятдаги 11 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан туманлардаги жами 3 минг 38 та фермер хўжалиги билан саноат учун қимматбаҳо хомашё етиштиришга доир шартномалар тузилган.
Жорий йил чигит экиладиган ялпи майдоннинг 34 минг гектари плёнка остига, шунингдек, 17 минг гектари қўшқатор орасига, 8 минг 750 гектари 90 сантиметр, 305 гектари 76 сантиметр ва асосий 64 минг 389 гектар қисми 60 сантиметр оралиқда экиш кўзда тутилган.

Бунинг учун туманларда пахта етиштириладиган жами 19 минг 84 та контурда фаолият олиб борадиган 140 та отряд, қолаверса, улар тасарруфидаги мавжуд жами 418 та чигит экиш сеялкаси, шундан, 223 та юқори унумли “Кейс-1200” агрегатининг 43 таси 76х10 схемадаги қўшқатор, 169 та 76 х 10 схемалик Хитой экишгичи ва 26 та оддий чигит сеялкаси тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган.

Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, жорий йилда Хитой технологияси асосида вилоятда 17 минг гектар майдонда хорижий “Xin Lu Zao-57” навли уруғлик чигит плёнка остига экилмоқда. Ўзига хос устуворлиги, бу навдан ҳар гектарига 65 центнер ҳосил олиш мумкин.
Семинарда замонавий, юқори унум билан ишловчи қишлоқ хўжалиги техника воситалари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Пахтачилик соҳасига илмий, инновацион ғояларни кенг татбиқ этиш бўйича фермер хўжаликларига амалий кўрсатмалар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири