Бухорода Психологик-тиббий-педагогик комиссия кўриги бўлиб ўтди. Ушбу муҳим жараён доирасида мактабгача ёшдаги ҳамда мактабга қадам ташлаётган болаларнинг индивидуал ривожланиш ҳолати, эҳтиёжлари ва имкониятлари атрофлича ўрганилмоқда.
Кўрик давомида ота-оналар ва уларнинг фарзандлари учун барча қулайликлар яратилган. Болалар билан махсус психолог, дефектолог ва бошқа мутахассисларнинг суҳбат ўтказиши болаларда мавжуд бўлган турли психологик ёки ривожланишдаги чекловларни аниқлаш, шунингдек, уларга мос таълим йўналишини белгилашга хизмат қилади.

Кўрикнинг асосий мақсади ҳар бир бола ўз имкониятига мос, қулай ва сифатли таълим муассасасига йўналтирилишини таъминлашдир. Шу орқали инклюзив таълимнинг кенгайиши, махсус педагогик ёндашувлар самарадорлигининг ошиши ва ота-оналарнинг таълимга бўлган ишончи мустаҳкамланади.
Бу каби комиссия кўриклари тизимли равишда ташкил этилиб, таълимда барқарорлик ва адолат тамойилларининг амалда рўёбга чиқишига замин яратади. Кўрикдан ўтиш учун 400 нафардан ортиқ фуқаролардан аризалар қабул қилинган.

* * *
Юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида жойларда хусусий чорвачилик хўжаликлари сони тобора ортиб бормоқда.
Бухоро вилояти Олот туманидаги “Хидрейли” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Муродбек Эргашов” чорвачиликка ихтисослашган. Тадбиркор Нозима Жўраева 2019 йил 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит асосида ўз фаолиятни бошлаган. Ҳозирда хўжаликда 40 бошдан ортиқ наслдор “Қизил чўл” ва “Симментал” зотига мансуб қорамоллар парваришланмоқда.

Маҳаллий бозорларга йиллик ҳисобда 60 тоннадан ортиқ сут, 50 тонна гўшт етказиб бермоқда. Ҳозирги кунда хўжаликда парваришланаётган бир бош наслдор тананинг нархи 100 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Хўжалик ихтиёрида 6 гектар ер озуқа етиштириш учун ажратилган бўлиб, бу чорва учун тўлақонли ем-хашак базасини яратиш имконини бермоқда. Айни пайтда бу ерда икки нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.
Хўжалик фаолияти нафақат оилавий даромад манбаи, балки маҳаллий аҳоли бандлигига ва туманда гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

* * *
Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан банклар фойдасига ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш юзасидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида иш юритувдаги банклар фойдасига ундирувлар билан боғлиқ жами 606,9 миллиард сўмлик 6 973 та ижро ҳужжати бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилди. Натижада, 471,8 миллиард сўмлик 5 920 та ижро ҳужжати ижроси таъминланди. 4 400 та ижро ҳужжати бўйича 184,1 миллиард сўм миқдоридаги қарздорлик амалда ундирилди. Шунингдек, умумий қиймати 125 миллиард сўмни ташкил этувчи 207 та гаровга қўйилган мулклар аукцион савдосига чиқарилди. Савдолар натижасида 78 та мулк сотилиб, 13,4 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар банклар фойдасига ўтказиб берилди.

Масалан, Ғиждувон туманлараро иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан қарздорлар “Ғ.Ш.С.” ҳамда “Ш.О.Б.” МЧЖлардан 1,5 миллиард сўм миқдоридаги қарздорлик ундирувчи АТБ “Агробанк” фойдасига амалда ундирилди ва мазкур ижро иши тўлиқ якунланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.