Бухоро вилояти ҳокими Хўжайлида
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ мамлакатимизнинг вилоятлари Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш мақсадида Қорақалпоғистондаги туманларга бириктирилган. Бухоро вилояти ҳам Хўжайли туманини ўз тажрибаси асосида янада ривожлантиришга кўмаклашмоқда.
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги бир гуруҳ масъуллар, қатор ташкилот ва идоралар раҳбарлари, тадбиркорлар Хўжайли туманида бўлиб, амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Бугунги кунда туманда Бухоро вилояти томонидан умумий нархи 215 миллиард сўмлик 38 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, туман ҳудудида 45 километр йўлни таъмирлаш, туман марказини ободонлаштириш, қишлоқ хўжалигини юксалтириш, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, тадбиркорликни ривожлантириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Ташриф доирасида вилоят ҳокими Б.Зарипов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, тегишли соҳа раҳбарлари туман тиббиёт бирлашмасига ташриф буюрди. Бухоролик шифокорлар томонидан туманда 5 минг нафардан зиёд аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан 17 нафар фуқарога мураккаб, 128 нафарига турли жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Беморлар тиббиёт соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор учун давлатимиз раҳбарига, шу жумладан, беминнат ёрдами учун бухоролик шифокорларга миннатдорлик билдирди.

Вилоят қурувчилари томонидан “Кун нури” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида дастлабки босқичда 36 та якка тартибдаги уй-жой қурилиши режалаштирилган. Ташриф доирасида ушбу турар жойларнинг тақдимоти бўлди ва қурилишга тамал тоши қўйилди. Шу куннинг ўзида туманда 20 та кўчма маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси ҳам очилди. Вилоят ҳокими “Қўлаб” овул фуқаролар йиғини ҳудудида аёллар гўзаллик салони ва эркаклар сартарошхонасининг очилишида иштирок этди.


Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан тумандаги 10 та ёш оиланинг никоҳ ҳамда 10 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди. Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев ёш оилаларни ва болаларни унутилмас кунлари билан қутлади. Уларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Бухоро вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси санъат усталарининг концерт дастури йиғилганларга хушкайфият бағишлади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА