Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси – Ўзбекистонда шахмат жадал ривожланаётгани эътирофи
Самарқанд халқаро туризм марказида бугун расмий очилиш маросими ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Вишванатан Ананд, Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, Ўзбекистон эркаклар ва аёллар жамоалари аъзолари Нодирбек Абдусатторов ҳамда Гулруҳбегим Тоҳиржонова олимпиадага тайёргарлик жараёнлари ва мусобақаларни ўтказиш тартиби, иштирокчи жамоалар ва уларнинг имкониятлари ҳақида маълумот берди.
Вишванатан Ананд 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига Самарқандда юқори даражада тайёргарлик кўрилгани, иштирокчилар ва уларнинг мураббийлари, ҳакамлар учун ФИДЕ талаблари даражасида шароит ва имкониятлар яратилганини таъкидлади.
[gallery-31443]
– 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мезбонлиги учун Ўзбекистон танланишига бу мамлакатда шахматнинг оммабоплиги ва мухлисларнинг юқори қизиқиши асосий омил бўлганди, – деди Вишванатан Ананд. – 2022 йилда ариза маъқулланганида жамоа бунчалик кучайиб кетишини билмагандик, аммо орадан кўп ўтмай уларнинг ғалабаларига гувоҳ бўлдик. Олимпиада учун Ўзбекистон, Самарқанд танлангани бежиз эмаслигини бугун мамлакат шахматчиларининг натижалари бутун дунёга намоён этмоқда. Мен мусобақадан кўплаб кутилмаган ҳодисалар ва қизиқарли натижаларни кутяпман. Асосий эътибор фақат тўртта жамоага қаратилган бўлса-да, кураш олиб борадиган бошқа кучли терма жамоалар борлиги эътиборли. Ўйлайманки, 46-олимпиада бизга жуда кўп унутилмас онларни тақдим этади.
Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев Самарқандда ўтказилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 3-шахмат паралимпиядаси ва ФИДЕ конгресси иштирокчи давлатлар ва жамоалар сони бўйича рекорд натижалар қайд этаётганини таъкидлади. Шунингдек, у мазкур тадбирлар юртимизда шахматнинг оммабоплигини ошириш, янада ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.
Нодирбек Абдусатторов ҳамда Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон жамоалари аъзолари юртимизда ўтказилаётган олимпиадада ғолиблик учун курашишларини билдириб, вакилларимиз пухта тайёргарлик кўришгани, жамоавий муҳит жуда яхши эканлигини билдирди.
Матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олди.
Ғолиб Ҳасанов, Муҳаммад Амин, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари