Бугундан олди-сотди шартномалари банк маълумотлари асосида расмийлаштирилади
Маълумки, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларининг олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришда янги тартиб кучга кирди. Янги тизимга кўра, битимлар бўйича пул ҳисоб-китоблари нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумот алмашиш орқали текширилади.
Мазкур тартиб 2025 йил 10 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони доирасида жорий этилди.
Ушбу фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 16 мартда 3790‑сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Кўчмас мулк ва транспорт воситаларининг олди‑сотди шартномалари бўйича ҳисоб‑китобларни амалга ошириш учун нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартиби тўғрисидаги Низом” асосида янги тартиб қўлланилади.
Янги тартиб кўчмас мулк ва транспорт воситалари бозорида шаффофликни ошириш, нақд пул айланмасини камайтириш ҳамда фуқароларни молиявий хавфлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
Янги тартиб кўчмас мулк объектлари олди-сотдиси, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, N, О ва G тоифадаги транспорт воситалари, махсус автотранспорт воситалари олди-сотдисига нисбатан амал қилади.
Эндиликда нотариуслар шартномани тасдиқлашдан олдин тарафлар ўртасида пул ҳисоб-китоблари амалга оширилганини банклар тақдим этган электрон маълумотлар орқали текшириб олади.
Янги тартибда битимни амалга ошириш бир неча босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда харидор банкка мурожаат қилади. Бу мурожаат ёзма ёки электрон шаклда бўлиши мумкин.
Иккинчи босқичда банк томонидан тарафлар келишган маблағ эскроу ҳисобварағига жойлаштирилади. Эскроу ҳисобварағи — пул маблағлари шартнома расмийлаштирилгунча хавфсиз сақланадиган махсус ҳисобварақ ҳисобланади.
Учинчи босқичда нотариус банк тизими орқали пул маблағлари мавжудлигини текшириб олади.
Тўртинчи босқичда шартнома нотариал тартибда тасдиқланади.
Шундан сўнг пул маблағлари сотувчининг ҳисобварағига ўтказилади.
Бу тартиб харидор ва сотувчи ўртасидаги хавфларни камайтиришга хизмат қилади.
Янги низом кредит асосида амалга ошириладиган битимларни ҳам қамраб олади. Агар мулк ёки транспорт воситаси кредит ҳисобидан сотиб олинса, банк кредит ажратилгани ҳақида нотариусга электрон маълумот юборади. Шартнома тасдиқлангандан кейин пул маблағлари сотувчига ўтказилади. Шунингдек, бўлиб-бўлиб тўлаш тартибида амалга ошириладиган битимларда ҳам келишилган бошланғич тўлов эскроу ҳисобварағига киритилади.
Янги тартибга кўра, эскроу орқали амалга ошириладиган битимлар учун комиссия миқдори чекланди. Кўчмас мулк бўйича — БҲМнинг 50 фоизидан ошмайди (206 минг сўмгача), автотранспорт воситалари бўйича — БҲМнинг 25 фоизидан ошмайди (103 минг сўмгача).
Муҳим жиҳатлар шундаки, агар харидор ва сотувчига битта банк хизмат кўрсатса — комиссия бир марта олинади. Шунингдек, агар турли банкларда бўлса, ҳар бир банк комиссиянинг ярмидан ошмаган қисмини олади. Битим амалга ошмаса, маблағ харидорга тўлиқ қайтарилади. Белгиланган чекловлар давлат улуши мавжуд банклар учун амал қилади. Бошқа тижорат банкларида комиссия миқдори ички тариф сиёсатига мувофиқ белгиланади.
Айрим хусусий банклар эса ушбу хизматни 0 фоиз комиссия билан амалга оширишини маълум қилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, янги тизим бир қатор ижобий натижаларни таъминлайди. Хусусан, фирибгарлик ҳолатлари камаяди. Нақд пул айланмаси қисқаради. Битимлар хавфсизлиги ошади. Ҳисоб-китоблар шаффофлашади. Фуқаролар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинади. Шунингдек, янги тартиб кўчмас мулк ва транспорт бозоридаги яширин иқтисодиётни қисқартиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда. Энг муҳими электрон ҳамёнлардан ҳам фойдаланиш мумкин.
Янги тартибда харидорнинг банк картаси, электрон ҳамёни, талаб қилиб олингунча ҳисобварағи ҳам эскроу ҳисобварағи сифатида фойдаланилиши мумкин. Бу эса фуқаролар учун янада қулай имкониятлар яратади.
Экспертларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда кўчмас мулк ва автотранспорт битимларида, нақд пул билан ҳисоб-китоблар кўплиги, фирибгарлик ҳолатлари, баҳони сунъий пасайтириш каби муаммолар учраб келаётган эди.
Янги тартиб ана шу муаммоларни бартараф этишга қаратилган. 2026 йил 1 апрелдан жорий этилган янги тартиб кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги ва хавфсизлигини оширишга хизмат қилади. Энди нотариуслар битимларни банклар тақдим этган электрон маълумотлар асосида тасдиқлайди. Бу эса бозорда ишончли ва хавфсиз молиявий муносабатларни шакллантиришга замин яратади.
Янги тизим орқали кўчмас мулк ва транспорт воситалари бозорида ҳисоб-китоблар янада хавфсиз ва қулай тарзда амалга оширилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА