Бугун туғилган кун— Тамарахон Орипова
Тамарахон Орипова 1953 йил 11 июлда Самарқанд шаҳри хизматчи оиласида туғилган. 1976 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тугатган. 1992 йилдан 2003 йилгача ЎзР ФА Иммунология институти илмий ишлар бўйича директор муовини лавозимида ишлаб, болалар иммунопатологияси лабораториясини ташкил қилди ва бошқарди.
2003 йилдан то ҳозирги вақтгача ЎзР ФА Иммунология институти директори лавозимида фаолият юритиб келмоқда. 2007 йилда Т.Орипова профессор илмий унвонига ва 2017 йил академик илмий унвонига сазовор бўлди. Унинг 380 дан кўпроқ илмий ишлари чоп этилган.
Тамарахон Орипованинг таҳрири асосида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг иммун статуси харитаси, иммунологик ва генетик паспортлари ишлаб чиқилди. Марказий Осиёда биринчи бўлиб одам қонининг периферик ҳужайраларида вируслар геномини (В ва С гепатит вируслари, цитомегаловирус, оддий герпес вируси, Эпштейн-Барр вируси ва б.қ.) аниқлаш учун янги усул ишлаб чиқилди ва амалиётга киритилди
У МДҲ давлатлари аллерголог ва иммунологлар халқаро жамиятининг аъзоси, Ўзбекистонда болаларда астмани олдини олиш ва даволаш бўйича ISAAC халқаро дастури координатори, InterPreGen халқаро консорциуми 7 рамкали Евросоюз дастурининг Ўзбекистон Республикаси бўйича масъул вакилидир.
Яқинда ўзбек олимаси, академик Тамара Ўктамовна Орипова Россия Федерациясининг “Тиббий генетикага қўшган улкан ҳиссаси учун” олтин медаль билан ҳам тақдирланди.
PS: Сайтимизда ташкил этилган “Бугун туғилган кун” лойиҳасида турли соҳаларда мамлакатимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшган ва қўшаётган инсонлар, давлат ҳамда жамоат арбоблари, академиклар, эл севган ижодкорлар ҳамда касби, танлаган йўлида юқори натижаларга эришаётган ватандошларимизнинг туғилган кунлари эсга олинади.
Мазкур рукнга оид фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ёки қўшимчаларингиз бўлса, қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин.
E-mail: @UzA_pochta
Телефон: (71) 233-42-84, (71) 233-21-37
ЎзА