Бу «тарбия усули» эмас, бу - жиноят!
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига жиддий мурожаат
Кадрларни ишга олишда уларнинг руҳий ҳолати ва болаларга бўлган меҳри эмас, фақат дипломи ёки таниш-билишчилик биринчи ўринга чиқиб қолган.
Кўплаб боғчаларда видеокузатув тизимларининг йўқлиги ёки ишламаслиги «тарбиячи»ларга ўз билганини қилиш имконини бермоқда.
Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган Навоий шаҳридаги хусусий боғча тарбиячисининг болаларни аёвсиз калтаклаган видеосини охиригача кўришга юрагим чидамади. Изоҳларга ўтиб, тармоқ фойдаланувчиларининг муносабатларини ўқидиму яна ичим қизиб видеони қайта очдим. Бу сафар бир амаллаб кўрдим, лекин ичим эзилиб, юрагим ачишиб кетди...

Норасида гўдакларни шунчалик уриб силташ учун, ҳимоясиз болачаларга зиён етказиш учун, калтакланган болаларга қўшилиб ҳамма болалар қўрқиб йиғлаб ўтирганига ҳам парво қилмаслик учун аёл киши қанчалик худбин ва бераҳм бўлиши мумкин!? Яхшиямки тарбиячилар аёллар, аёл эса бу — она, она эса боласи учун жонини жабборга беришга тайёр зот, болани дунёга келтириб, вояга етказишнинг машаққатини ҳаммадан-да яхши ҳис қиладиган инсон.
Афсуски, кейинги пайтларда ана шундай раҳм-шафқатсиз, қаҳри қаттиқ, қамчисидан қон томиб турадиган, аслияти билан тарбия соҳасига умуман бегона бўлган, номи тарбиячию ўзи тарбиясиз, меҳрсиз ходимлар тез-тез учраб турибди. Қилган ишига тоқат қилиб бўлмайдиган айрим ходимларнинг қилғиликларидан бировини ҳазм қилиб бўлмай туриб, орқасидан яна бошқаси чиқиб келяпти.
Яна бир ҳолат — 10 апрель куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани 566-МТТда бўлган воқеа ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу боғчадаги бир нечта тарбияланувчиларнинг айтишича, боғча опа ёрдамчиси учта болани (биттасини қўлини боғлаган ҳолда) ҳожатхонага қамаб қўйган. “Ертўладаги каламушларга олиб бориб бераман”, деб қўрқитган. Ҳожатхонага қамаб қўйилган қизчанинг айтишига қараганда, болалар йиғлашган, қўрқиб бақиришган, лекин шунда ҳам эшикни очмаган.

Ачинарлиси, ертўладаги каламушларга бериш билан қўрқитиш ҳолати биринчи марта бўлмаган. Бошқа болалар ҳам бир неча маротаба шунақа гап билан қўрқитилганини айтган. Айрим болалар эса ҳожатхонага сўрамасдан кирганда ҳам жазоланиш мумкинлигини айтган. Наҳотки, мурғак бола ҳожатга чиққиси келиб турганида ҳам бемалол бориб келолмаса!
Видеода тасвирланганидек, ҳожатхонага қамалган қизчаларнинг бири уч кундан кейин ҳам ярим тунда тушида қўрқиб кетиб уйғонган, стрессга тушиб қолган, юрагидаги қўрқув ваҳимаси ҳамон босилмаган...
Айрим «тарбиячилар»нинг болани қўрқитиш, уриш ёки овқат емагани учун жазолашини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бола боғчага билим олиш, ижтимоийлашиш ва меҳр кўриш учун боради, таҳқирланиш учун эмас. Бу ёшда олинган руҳий жароҳат боланинг бутун умрлик характери, руҳияти ва дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиши илмий исботланган.
Боланинг бегонаси бўлмайди, дейишади. Аммо бировнинг кўз қорачиғидек асраб-авайлаб катта қилаётган боласини азоблаш айрим тарбиячилар учун шунчалик осон кечяптими? Улар учун қийнашга, калтаклашга, ўз асабийлигининг хуморидан чиқишга болалар эрмак бўлиб қоляптими?
Аввало, тарбиячи бўлишни, эртадан кечгача болалар билан ишлайдиган касбни танлаган ўзи эмасми? Ўзи мактабгача таълим ташкилоти эшигидан хатлаб, турлича характердаги болалар билан ишлашга тайёр бўлиб кирган-ку. Нозик ва бола руҳияти билан боғлиқ бўлган бу соҳа унга оғирлик қилаётган ёхуд малол келаётган бўлса, марҳамат қилиб кирган эшигидан бутунлай чиқиб кетаверсин.
Афсуски, болаларни калтаклаш, уларга зиён етказиш, қўрқитиш каби зўравонлик ҳолатлари давлат боғчаларида ҳам, нодавлат боғчаларида ҳам бирдек учраб турибди. Бу ҳолатлар бўйича, албатта, тегишли чоралар кўрилмоқда. Масалан, юқорида қайд этилган Навоийдаги ҳолат юзасидан маълум бўлишича, мазкур нодавлат МТТ фаолияти вақтинча тўхтатилиб, тарбиячи ишдан бўшатилган. Муҳокама ва изоҳларда тармоқ фойдаланувчиларининг асосий қисми бундай ходимни фақат бўшатиш билангина чекланмасдан, жавобгарликка тортиш кераклигини билдирган.
Янгиҳаётдаги ҳолат бўйича эса айримлар тарбиячини қораласа, айримлар шунча бола билан ишлаш тарбиячига ҳам осон эмаслигини айтган. Тўғри, болаларнинг шўхлиги, қайсарлиги, хархашаси, қолаверса, уларга ош-овқатини вақтида бериш, тозалик ишлари тарбиячи ва унинг ёрдамчисини толиқтириши мумкин.
Аммо мактабгача таълим соҳаси фақатгина ишли бўлиб, маош олиш учун ишланадиган жой эмас. Бу йўналишда ишлаш учун тарбиячи, аввало, ўзини фидо қила олиши, меҳри дарё, бағрикенг бўлиши керак. Болалар, қолаверса, уларнинг ота-оналари билан тил топишиб, кўнглидан жой ола билиши лозим. Энг асосийси, болани зериктирмаслик, унинг мурғак қалбидан ўрин эгаллаш, меҳр-эътиборини қозониш учун маҳоратли, ўз касбининг устаси бўлиши шарт.
Ана шундай боғча опаларни ўз ҳаётимда кўрганман, кўряпман. Айни пайтда кичкина қизим ҳам боғча тарбияланувчиси. Ўрта гуруҳдаги боғча опаси шунчалик меҳрибон ва болаларни ўзига қаратиб олган эдики, болаларга берадиган даккиси, танбеҳида ҳам бир олам меҳр бўларди ва буни болалар чин қалбидан ҳис қилишар эди. Шунинг учун боғча опасининг бироз урушиб қўйишини ҳам тўғри қабул қилар, тўғри хулоса чиқарар ва хафа бўлишмас эди. Болажон тарбиячимизнинг маҳоратию самимийлигини биз ота-оналар ҳам жуда қаттиқ ҳурмат қилардик. Шу важдан болаларимизни катта гуруҳга ўтказиш вақти келганида шу тарбиячининг ўзида қолишини талаб қилганмиз.
Ҳа, тарбиячиларимиз орасида ана шундай меҳрибон, ўз ишининг устаси бўлган, болалар билан ишлашга ҳақиқатан муносиб бўлганлари ҳам талайгина. Афсуски, номақбул курмаклар ҳам борки, уларнинг ўрни, жойи болалар билан ишлайдиган соҳада бўлмаслиги керак. Мурғак фарзандларимизнинг бугуни ва келажаги ушбу соҳадан йироқ бўлган, золим кимсалар қўлида қолмаслиги лозим. Акс ҳолда болаларимизнинг келажагини бой берамиз. Тарбиясиз “тарбиячи”лар оқибатида болаларимиз ҳиссиз, тарбиясиз, ичида ваҳима ёки аламзадалик бўй кўрсатадиган инсонга айланиб қолишлари эҳтимолдан холи эмас.
Шундай экан, тарбиячи ва ёрдамчиларни ишга қабул қилганда, номзодларни ҳар томонлама текшириш, психологик жиҳатдан руҳиятини ўрганиш, ҳатто оилавий муҳитини ҳам ўрганиб ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Келажагимиз эгалари билан ишлашга муносиб, болажон, педагогик маҳорати юқори даражада бўлган тарбиячиларни жалб қилиш талаб этилади. Болаларнинг руҳиятини, қалбини тушунадиган, тазйиқ ва зўравонлик қилишдан йироқ бўлган маҳорат эгаларигина фарзандларимиз билан тиллашишга, диллашишга ҳақлидир...
Муҳтарама Комилова, ЎзА