Британиядаги тарихий муваффақият
Бугун Янги Ўзбекистонда илм-фан ва таълим соҳаси давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, мамлакатимиз ёшларининг дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олиши, халқаро майдонларда ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган кенг имкониятлар ўзининг юксак самарасини бермоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиб, юзлаб иқтидорли ёшларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга, уларнинг жаҳон илм-фани чўққиларини забт этишига кенг йўл очиб бермоқда.
Бугун ана шундай иқтидорли ёшлардан бири — бухоролик олим Фармон Асадовнинг навбатдаги юксак ютуғи нафақат Бухоро аҳли, балки бутун мамлакатимиз илм аҳли учун катта ғурур ва ифтихор манбаига айланди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати бўлган Фармон Асадов Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири саналган Lancaster Universityда фалсафа доктори (PhD) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Бу натижанинг аҳамиятини янада оширадиган жиҳат шундаки, Lancaster университети Complete University Guide 2026 рейтингига кўра Буюк Британиянинг энг яхши ўнталик университетлари қаторига кирувчи илмий марказ ҳисобланади. Дунё миқёсида тан олинган бундай таълим муассасасида докторлик даражасини қўлга киритишнинг ўзи катта муваффақият бўлса, Фармон Асадов эришган натижа янада юқори баҳога лойиқ.
Чунки диссертация ҳимояси Британия олий таълим тизимидаги энг юқори кўрсаткич — ҳеч қандай тузатишларсиз қабул қилинди. Яъни илмий иш комиссия томонидан бирор қўшимча ўзгартириш ёки қайта ишлаш талаб этилмаган ҳолда тўлиқ маъқулланган. Бу халқаро академик амалиётда жуда кам учрайдиган ҳолат бўлиб, тадқиқотнинг юқори илмий савияда бажарилганини, илмий янгилиги ва амалий аҳамияти юксак баҳоланганини англатади.
Фармон Асадовнинг илмий тадқиқотлари мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳалардан бири — пахтачилик ва тўқимачилик саноатига бағишланган. Тадқиқотда Ўзбекистоннинг пахта ва тўқимачилик тармоғида таъминот занжири барқарорлигини таъминлаш, соҳада мажбурий меҳнатни бартараф этиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар самараси, шунингдек, халқаро брендларни мамлакатимиз бозорига жалб қилиш омиллари чуқур таҳлил қилинган.
Айниқса, кейинги йилларда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида мазкур соҳада амалга оширилган туб ўзгаришлар, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва муносиб меҳнат тамойилларини қарор топтиришга қаратилган ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда. Фармон Асадовнинг тадқиқоти ҳам ана шу муҳим жараёнларни илмий асосда ўрганиши билан аҳамиятлидир.
Ёш олимнинг илмий салоҳиятини тасдиқловчи яна бир муҳим жиҳат — унинг тадқиқот натижалари асосида тайёрланган мақолалар халқаро миқёсдаги энг нуфузли илмий журналларда чоп этилмоқда.

Жумладан, унинг илмий мақолаларидан бири операциялар ва таъминот занжири менежменти соҳасининг дунёдаги энг етакчи нашрларидан бири ҳисобланган International Journal of Operations & Production Management (IJOPM) журналида эълон қилинди.
Мазкур журнал халқаро академик ҳамжамият томонидан энг юқори баҳоланадиган илмий нашрлардан бири ҳисобланади. У Буюк Британия бизнес мактаблари уюшмасининг ABS рейтингида “4”, Австралия бизнес деканлари кенгашининг ABDC рейтингида “А” тоифасига киритилган бўлиб, Scopus халқаро илмий базасида Q1 даражасида, яъни ўз соҳасидаги энг юқори 10 фоизлик журналлар қаторида туради.
Оддий қилиб айтганда, бундай журналда мақола чоп этиш ҳар қандай олим учун катта илмий ютуқ ҳисобланади. Чунки мақола халқаро экспертлар томонидан бир неча босқичли, жуда қатъий тақриз жараёнидан ўтгандан кейингина нашр этилади.
Бугунги кунда Фармон Асадовнинг яна икки илмий мақоласи худди шундай юқори рейтингли халқаро журналларда кўриб чиқилмоқда. Бу эса ёш олимнинг келгусида ҳам жаҳон илм-фанига муносиб ҳисса қўшишини кўрсатади.
У ўз тадқиқотлари натижаларини дунё илм аҳлини бирлаштирувчи йирик халқаро анжуманларда ҳам тақдим этган. Хусусан, Даниянинг Копенгаген шаҳрида ўтказилган Academy of Management (AOM) 2025, Италиянинг Милан шаҳридаги EurOMA 2025 ҳамда Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтган EurOMA 2024 халқаро конференцияларида иштирок этиб, Ўзбекистон илмий салоҳиятини муносиб намоён қилди.
Фармон Асадовнинг бугунги ютуғи замирида давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган юксак ишончи, таълим ва илм-фан соҳасига қаратаётган доимий эътибори мужассам. Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан минглаб ёшлар хорижнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлди. “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Президент ва номдор давлат стипендиялари, замонавий таълим дастурлари ҳамда халқаро ҳамкорлик лойиҳалари бугун ўз самарасини бермоқда.
Эътиборлиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги Фармонига мувофиқ, халқаро рейтингларда биринчи 300 таликка кирувчи университетларда олинган PhD даражаси мамлакатимизда тўғридан-тўғри фан доктори (DSc) сифатида тан олинади. Бу эса Фармон Асадовнинг илмий фаолиятида яна бир муҳим босқични бошлаб беради.
Бугун бухоролик ёш олимнинг Британияда қўлга киритган муваффақияти юртимиз ёшлари учун катта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Чунки илмга интилиш, меҳнатсеварлик, қатъият ва Ватанга садоқат инсонни дунё тан оладиган юксак чўққиларга олиб чиқишини яна бир бор исботлади.
Хулоса қилиб айтганда, Фармон Асадовнинг докторлик диссертациясини энг юқори баҳода ҳимоя қилиши нафақат шахсий ютуқ, балки Янги Ўзбекистон таълим сиёсати, давлатимиз раҳбарининг ёшларга қаратаётган ғамхўрлиги ва илм-фанни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Бугун дунёнинг нуфузли университетларида Ўзбекистон номи илм орқали янграмоқда. Ана шундай иқтидорли ёшлар эса мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти, илм-фани ва интеллектуал салоҳиятини юксалтирувчи энг катта бойлик ҳисобланади. Фармон Асадовнинг ютуғи бугунги ёшларга битта муҳим ҳақиқатни англатади: Янги Ўзбекистонда билим олиш, изланиш ва катта мақсадлар сари интилиш учун барча имкониятлар мавжуд.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири