Брайль алифбосидаги бюллетенлар
Жиззах шаҳридаги 25-сайлов участкасида 64 нафар кўзи ожиз сайловчи брайль алифбоси туширилган бюллетенлардан фойдаланган ҳолда овоз берди.
Жиззах шаҳридаги 25-сайлов участкасида 64 нафар кўзи ожиз сайловчи брайль алифбоси туширилган бюллетенлардан фойдаланган ҳолда овоз берди.– Олдинги сайловларда бундай имконият йўқлиги боис бирор кишининг кўмагида овоз берар эдик, – дейди Жиззах шаҳридаги кўзи ожизлар мактаб-интернати ўқитувчиси Ойбек Саъдуллаев. – Масалан, ўзим участкага қизим билан келардим. Бюллетендаги номзодлар рўйхатини ўқиб бергач, мен ўзим танлаган номзодни айтардим. Энди бюллетенда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар брайль алифбоси билан берилгани туфайли ўзим ўқиб, ўзим белгилаш имконияти мавжуд. Бу сайловда барча учун тенг, адолатли шароит яратилгани тасдиғидир.
Жиззах вилоят округ сайлов комиссияси маълумотларига кўра, барча сайлов участкалари брайль алифбоси асосидаги сайлов бюллетенлари билан таъминланган. Сайловга тайёргарлик жараёнида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вилоят бўлими вакиллари билан ҳамкорликда кўриш қобилияти чекланган сайловчилар ўртасида брайль алифбоси туширилган бюллетенлардан фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда кўзи ожизлар махсус тайёрланган бюллетенлардан фойдаланиб, овоз беришда қатнашаётгани мазкур сиёсий жараён юртимизда очиқлик, тенглик ва адолат тамойиллари асосида ўтаётгани ифодаси эканини участкаларда бўлган хорижий кузатувчилар ҳам кенг эътироф этмоқда.