Бозорлардаги ёнғин хавфсизлигига жиддий қарашимиз керак
Яқинда “Бозорлардаги ёнғин хавфсизлигига ким қарши бўлмоқда?” сарлавҳаси остида Абу Сахий бозоридаги ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ҳудуд мавзусини кўтарган эдик.
Унда ФВВ, тадбиркорлар ва бозор эгалари ўртасида йиллар давомида ечилмаётган муаммо баён этилган.
Мазкур мавзу атрофида айланаётган воқеалар ривожига қисқача тўхатладиган бўлсак, Абу Сахий бозоридаги 1-блок ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги боис ФВВ Чилонзор туман бошқармасининг қарори билан 10 кун муддатга вақтинча ёпилган эди.
Бозорнинг 1-блоки ёнғин талабаларига жавоб бермас экан, нега яна қайта очилди, деган савол туғилади. Маълумотларга кўра, тадбиркорларнинг босими остида қайта очилган экан. Ушбу ҳудудда савдо қилаётган тадбиркорлар билан ўтказилган сўровномага кўра, ҳақиқатдан уларга нима бўлганда ҳам бозор тўхтамаслиги, савдо давом этиши муҳим. Ёнғин хавфсизлигидан кўра кунлик тушаётган даромад муҳимроқ экан.
Воқеа-ҳодисаларга эътиборсиз одамга ҳам маълумки, шу кунлардаги ёнғин бўйича фалокатлар асосан бозорларда рўй бермоқда. Хусусан, “Уч қаҳрамон”, “Авиасозлар” ва “Бешқўрғон” бозорларидаги ёниғинлар сўзимизга исбот бўла олади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/LPWg9xgNLrE?si=uAajKARdSKsjRRqK" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Бунинг сабаби шундаки, кичкинагина кўринган ҳудудда ҳам минглаб дўконлар жой олиши ва ҳар бир дўкон электр энергиясига уланиши каттагина чигаллик ва босимни келтириб чиқариши табиий, албатта. Натижада қаердадир кўринган биргина учқуннинг ўзи барчасини бир зумда йўққа чиқариши мумкин.
Тошкент савдо марказидаги ёнғин талабларига жавоб бермайдиган блокда ҳам контейнерлардан ташкил топган 847 та дўкон мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирига электр энергияси ўтказилган. Шуларини ҳисобга олиб рўй-рост айтадиган бўлсак, мазкур блок фалокат майдонининг ўзгинаси эмасми?
Ўзбекистондаги энг гавжум бозор бўлмиш Абу Сахий бозорига бир кунда 150 – 200 минг нафар атрофида одамлар келиб-кетишини ҳисобга олган ҳолда айтадиган бўлсак, ёнғин хавфсизлиги талабаларига жиддий ва қатъий қарашимиз керак. Энг тезкор ўт ўчириш транспортлари ҳам бозорнинг фавқулодда фалокат майдонига етиб келиши учун бир неча ўн дақиқалар керак бўлади. Фалокатлар ичида энг хавфлиларидан бўлган ўт балоси дақиқалар эмас, сонияларда кўп нарсани ҳал қилиб қўйиши бор гап. Шундай экан, бевосита масъул ташкилотлар, хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мазкур муаммога “панжа” ортидан қарамаслиги лозим.
Ёниб кетган мол-мулкимиз ўрнини вақт ўтиши билан тўлдиришимиз мумкин, аммо оддийгина эътиборсизликлар оқибатида йўқотилган инсон ҳаётининг ўрнини ҳеч қандай компенсациялар билан тўлдириб бўлмайди.
Шу ерда ҳақли савол туғилади: инсонлар ҳаёти учун хатарли ҳисобланган ушбу ҳудуд кимга керак?
Вазиятга зимдан қарайдиганлар учун ёнғин хавфсизлиги бозор раҳбарияти учун ҳам энг сўнгги ва аҳамиятсиз масалаларидан бири деб ўйлаши мумкин. Аммо, биз ўйлагандек эмас, аксинча, бозор раҳбарияти ҳам ёнғин талабларига жавоб бермайдиган ҳудуддан қаттиқ хавотирда экан.
“Биз қачонлардир содир бўлиб қолиши мумкин бўлган фалокатдан хавотирдамиз. Худо кўрсатмасин, ёнғин чиқадиган бўлса, асосан мато сотиладиган блокдаги ёнғин бошқа блокларга ҳам ўтиб кетишидан хавотирдамиз”, деди бозор раҳбарияти.
Йиллар давомида хавотир ва ҳадик билан яшаб келаётган Тошкент савдо маркази раҳбарияти ёнғин талабларига жавоб бермайдиган блок қайта таъмирланадиган бўлса, таъмирлаш вақтида тадбиркорларга вақтинча жой қилиб беришга ҳам ваъда беришди.
Аммо ушбу ҳудудда савдо қилаётган тадбиркорлар ўзлари фаолият юритаётган бозорнинг замонавий ва хавфсиз бўлишини исташмайди.
Жорий йилнинг 9 апрель куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Чилонзор туман бошқармаси Тошкент савдо марказидаги 1-блок ёнғин талабларига жавоб бермайди, дея қарор чиқарган. Мазкур қарор ижроси асосида қандай амалий чоралар кўрилаётгани бўйича ФВВ Тошкент шаҳар бош бошқармасидан изоҳ сўрадик. Бош бошқарма матбуот хизмати ушбу блокнинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга ҳужжатлар тақдим қилинганини ва суд қарори кутилаётганини маълум қилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Тошкент савдо марказидаги ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган блоки бугунги кунда хавф-хатардан холи бўлмаган ҳудудга айланган. Буни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъуллари ҳам тасдиқламоқда.
Шу ўринда яна бир эслатма: бевосита ҳудуди бўлгани учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мазкур муаммога жиддий эътибор беришларини сўраб қоламиз.
Фалокат бошланмасидан унинг унинг олдини олиш учун фақат ҳужжат ва ҳисоботлар йиғилмасдан масъуллар амалий ҳаракатни ҳозирданоқ бошлаши зарур. Акс ҳолда эртага кеч бўлиши мумкин.
Ш.Отабоев, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА