Бозор ўзгармоқда, маклер-чи?
Замон шиддат билан илгарилаб бормоқда. Иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланган олди-сотди муносабатлари, хусусан, кўчмас мулк бозори ҳам бу эврилишлардан четда қолмаяпти. Бугун уй-жой нафақат бошпана, балки энг ишончли инвестиция ва ижтимоий барқарорлик рамзига айланди. Пойтахт Тошкентда уй излаган ёки сотаётган киши борки, албатта, бир қатламга — “маклер” деб аталувчи воситачиларга дуч келади.
Кимдир уларга ишончсизлик билан қарайди, кимдир уларсиз иши битмаслигини билади. Аммо вақт бир жойда тўхтаб турмайди: соҳага рақамли технологиялар, Telegram-каналлар ва ниҳоят 2026 йилнинг 1 апрелидан бошлаб нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизими кириб келди.
Хўш, анъанавий “уй бозорлари” ва маклерлик хизмати бу янгиликларга қанчалик тайёр? Ушбу мақола орқали соҳанинг ички оламига назар ташлашга, замонавий талаблар маклерлар фаолиятига қандай таъсир қилаётганини ўрганишга ҳаракат қилдик.
Ҳаммаси оддий бир кузатувдан бошланди. Чилонзор метро бекатида автобус кутиб турган бир пайтимда ўрта ёшлардаги аёл келиб:
— Кечирасиз, уй бозори қаерда? — деб сўраб қолди.
— Ассалому алайкум, билмайман, узр, — дедим.
Аёл ёнимиздаги йигитга мурожаат қилди. Йигит йўлни кўрсатар экан, ўз маслаҳатини ҳам қўшиб қўйди:
— Маклерларга унча ишонч йўқ. Ундан кўра Telegram каналларидан уй қидирганингиз маъқул.
Аёл эса бошини чайқаб: — Мен ижтимоий тармоқларни тушунмайман, оддий телефон ишлатаман, — деди ва уй бозори томон йўл олди.
Бу ҳолат мени ўйлантириб қўйди: маклерлик хизмати аслида қачон пайдо бўлган ва бугун ундан кимлар фойдаланади? Қизиқиш билан мен ҳам уй бозори томон бордим.
Маълумот ўрнида: маклер — бу сотувчи ва харидор ўртасида воситачилик қилувчи шахс. Атама XVIII асрда пайдо бўлган бўлиб, немис тилидан олинган. Ўзбекистонда бу йўналиш 1990 йилларда, хусусийлаштириш жараёнлари бошлангач шаклланди.
Бугунги маклерлар ўз ишини қандай ташкил этган? 2026 йил 1 апрелдан жорий этилган нақд пулсиз савдо тартиби уларга қандай таъсир қилди? Шу каби саволлар билан соҳа вакилларига юзландим.
— 1 апрелдан бошлаб нақд пулсиз тўловлар жорий этилиши фаолиятингизга қандай таъсир қилади? Эндиликда хизмат ҳаққини қандай шаклда оласиз?
— Бу ўзгариш фаолиятимизга деярли таъсир қилмайди, — дейди Чилонзор уй бозори маклери Меҳрож Бобоназаров. — Биз ҳар бир сотилган уй бўйича камида 3 фоиз хизмат ҳаққи оламиз. Пулнинг нақд ёки нақдсиз шаклда бўлиши биз учун аҳамиятли эмас. Янги тартибнинг қулай томони шундаки, мижоз пулни банк орқали пластик картага ўтказиб, тўловни расмийлаштириши мумкин. Банк хизмати учун атиги 206 минг сўм тўланади, холос.

— Уй нархларининг пасайиш ёки кўтарилиш мавсуми борми?
— Нархлар йил сайин ошиб бормоқда, — дейди яна бир маклер. — Одатда январь-февраль ойларида ижара бироз арзонлашарди, аммо бу йил бундай бўлмади. Тошкентга келувчилар оқими жуда катта. Ёзнинг охири ва кузнинг бошида эса талабалар келиши ҳисобига нархлар яна кўтарилади. Доллар курсининг ўзгариши ҳам асосий омиллардан бири.
— Нега талабалар учун ижара масаласи доим мураккаб бўлиб келган?
— Сабаби оддий: кўпчилик уй эгалари талабаларни масъулиятли ижарачи сифатида қабул қилмайди. Тозалик ва қўшнилар билан муносабат масаласида хавотирлар бўлади, — дейди Меҳрож Бобоназаров.
Суҳбат давомида маклерлик хизматининг бошқа жиҳатларига ҳам ойдинлик киритилди. Маълум бўлишича, уй эгаси воситачига ҳақ тўламайди, асосий комиссия ижарачи ёки харидор зиммасига тушади. Даромад эса барқарор эмас: баъзан кун бўйи барака бўлмаса, баъзан бир кунда 500 долларгача ишлаб топиш мумкин.
– Энг муҳими — ишонч, дейди уй бозорида катта тажриба орттирган яна бир маклер Комилжон ака. – Асосий мақсад фақат даромад эмас, балки томонларнинг розилиги ва ҳалоллик бўлиши керак. Бизда таклиф, мижозда эса танлов.
Чилонзордаги уй бозори ва маклерлар билан кечган суҳбат шуни кўрсатадики, кўчмас мулк бозори катта трансформация остонасида турибди. Нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг жорий этилиши соҳани шаффофлаштириш сари ташланган муҳим қадамдир. Бу тизим маклерларни қўрқитмаяпти, аксинча, замон билан ҳамнафас бўлишга ундамоқда.
Бироқ, фақатгина техник янгиланишлар етарли эмас. Кўчмас мулк бозори бугун иқтисодий тушунчадан кўра ижтимоий масалага кўпроқ яқинлашиб қолди. Уй-жой нархларининг тинимсиз ўсиши, айниқса, талаба ёшлар ва ёш оилалар учун ижара муаммоси долзарблигича қолмоқда. Маклерлик фаолиятини янада тартибга солиш, соҳага профессионал риэлторлик маданиятини тўлиқ олиб кириш ва аҳолининг барча қатламлари учун уй-жой имкониятларини кенгайтириш давр талабидир. Зеро, уй — бу шунчаки тўртта девор эмас, бу — инсоннинг ижтимоий ҳимояси ва эртанги кунга бўлган ишончи демакдир.
Роза ҚУРБОНОВА,
ТошДЎТАУ талабаси