Божхонада янги имкониятлар
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва экспорт географиясини кенгайтириш давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу йўлда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, балки тадбиркорлар учун замонавий ва қулай божхона механизмларини жорий этиш орқали ҳам ўз самарасини бермоқда. Энг муҳими, давлат идоралари ва бизнес ўртасидаги очиқ мулоқот муҳити тобора мустаҳкамланиб, тадбиркорларнинг муаммоларига жойида ечим топиш амалиёти кенгаймоқда.
Ана шундай амалий мулоқотлардан бири Бухоро вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат парки ҳудудида ташкил этилди. Унда бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари О. Қодиров махсус саноат паркида фаолият юритаётган корхоналар раҳбарлари ва вакиллари билан юзма-юз учрашиб, уларни қизиқтираётган масалалар бўйича атрофлича суҳбатлашди.
Учрашув давомида махсус саноат парки резидентлари учун амалдаги қонунчиликда назарда тутилган божхона имтиёзлари ва преференциялари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Хусусан, импорт қилинаётган товарларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятлари, электрон хизматлардан самарали фойдаланиш тартиблари тадбиркорларга тушунтирилди.

Мулоқотнинг энг муҳим мавзуларидан бири “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими бўлди. Таъкидланганидек, ушбу механизм ишлаб чиқарувчилар учун кенг иқтисодий имкониятлар яратади. Яъни корхоналар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё ва бутловчи қисмларни мақбул шартларда мамлакатга олиб кириб, уларни қайта ишлаган ҳолда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариши мумкин. Бу эса маҳсулот таннархини пасайтириш, сифатни ошириш, ички бозор талабини қондириш билан бирга экспорт ҳажмини ҳам сезиларли даражада кўпайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, тадбиркорларга божхона соҳасида амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари, ортиқча вақт ва харажатларни қисқартиришга қаратилган замонавий хизматлар ҳам тақдим этилди.
Учрашув давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита мутахассислардан жавоб олди, амалиётда учраётган айрим муаммолар ва таклифлар юзасидан фикр алмашилди. Айрим мурожаатлар жойидаёқ ҳал этилгани эса давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётганини яна бир бор намоён қилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири