Суд – низоларни ҳал этиш, ечиш маскани, суд одоб-ахлоқ меъёрлари, яъни қонунлар қўлланиладиган жой, суд адолат сўраб бориладиган, адолат таъминланадиган муқаддас даргоҳдир.
Бироқ судда айрим кредит қарздорлигини ундириш ва ундирувни гаров мулкига қаратиш ҳақидаги даъволар кўрилаётганда, айрим гаровга қўйувчи – жавобгар, суд мажлисида даъвога эътироз билдира туриб, менга гаровга қўйишни у ёки бу (жойлардаги маҳаллий) раҳбар ё масъул айтганди, маълум муддатга гаровга қўйиб тур, дастурларда белгиланган бу масала деганди, шунинг учун гаровга қўйганман, оқибатда энди менинг гаровга қўйилган мулким қулоғини ушлаб кетадими, у раҳбарга бораман, бу масъулга ёзаман, масалани шундай ташлаб қўймайман дейди.
Бундай ҳолатда қонунлар, гаров шартномаси кредит таъминоти учун ҳақ эвазига томонларнинг эркинлиги асосида, улар ўртасида ихтиёрий равишда тузиладиган шартномадир, билакс топшириқлар, оғзаки ваъдалар ёки бошқача тарзда имзоланадиган шартнома эмас деб белгилайди.
Суд ҳам шу қонунлар асосида тўхтамга келади. Ана шундан кейин эса, гаровга қўйувчи турли эшикларни қоқади. Судьяга босим ўтказиш, унга нисбатан хизмат текшируви тайинлашга эришиш, судьяни обрўсизлантиришни, кредитни қоплаш учун ўзи томонидан қонунан бой берган гаров мулки учун судья ё судлардан қасд олишга тушади.
Ваҳоланки, гаров мулкининг кредит қарздорлигини қоплашга йўналтирилиш хавфи катталигини қаровга қўйувчи – жавобгар топшириқлар, оғзаки ваъдалар ёки бошқача тарзда илтимосларни бажаргунга қадар ўйлаши керак эди.
Яна бир мисол. Судда давлат харидларига оид тегишли тартибда расмийлаштирилмаган шартномалар юзасидан иш кўрилаётганда ҳам даъвогарлар кўпгина ҳолларда у ёки бу раҳбар, масъул шартнома билан ишинг бўлмасин, ишни бошла, маҳсулотни етказиб бер, ишни бажар, хизматни кўрсат шартнома бўйича ҳаққингни тўлатиб бераман деганди, шу боис, шартнома ғазна бўлимидан рўйхатдан ўтмаган бўлса ҳам маҳсулотни етказиб бердим, хизматни қилдим, таъмирлаш ишларини ниҳояладим, қурилишни тугатдим, ҳаққимни ундириб бериш лозим дейди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида эса, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган шартномалар ҳақиқий эмасдир, улар тарафлар ўртасида мажбурият келтириб чиқармайди дея белгиланган.
Айрим ҳолларда, дўппи тор келиб қолганида, кам сонли ҳолатлар бўлса ҳамки, баъзи жойлардаги ташкилот раҳбарлари, масъуллари қонунсиз топшириққа бўйсунган яъни, раҳбар сари бориб, қонунга бормай қилган хатоларини судда тузатмоқчи, тўғриламоқчи бўлган ҳолатлар ҳам учрайди.
Шу асосда ҳам судлар ишонч ва ишончсизлик борасидаги муносабатлар қаратилган, қаратилаётган объект эканлиги ҳам табиий.
Судларда аввало, қонун ва қонун устуворлиги адолатдир. Бу аксиома. Шунинг учун судьяларнинг қарори қонуний ҳамда қонун нормасига асосланган бўлиши шарт. Шундагина у қонун устуворлигини, қонунийликни, қонун олдида тенгликни, жазо муқаррарлигини таъминлашга астойдил хизмат қилади.
Шу билан бирга, креатив ёндашув, янгича фикрлаш, демократик халқпарвар қонунлар асосида яшашга ўрганиш даркор. Эски жамият қобиғидан чиқиб кетишга журъат топа билиш, инсон азиз, адолат эса олий қадрият деб қарашга, шундай фикрловчиларнинг фикрига кўникишга тўғри келади.
Айтиш мумкин, инсон томонидан яратилган ҳар қандай қонун ўзгаришга, ислоҳ этилишга маҳкум, бироқ адолат ўзгармас қонундир.
Нуриддин Муродов,
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси.