Бош қомусимиз жамият таянчи
"Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.
Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар".
Конституциямизнинг 15-моддасида белгиланган ушбу қоиданинг ҳаётий ифодасини юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ўз турмуш тарзи, иш фаолиятида кўриши мумкин. Оилавий ҳаётда бўладими, жамиятдаги муносабатлардами, ўқиш ва иш фаолиятидами – барчаси Конституция ва у асосида яратилган қонунлар билан тартибга солинади. Болаликдан ҳар бир инсон онгига сингдириладиган қоидалардаги “мумкин” ёки “мумкин эмас” деган сўзлар ҳам шу қонунлардан келиб чиқади. Айнан шу қоидаларни ўзлаштириш билан шахсда ҳуқуқий маданият шаклланади, қонунчилик ҳақида тушунча пайдо бўлади.
Мамлакатимиз давлат таълим стандартларига мувофиқ, таълимнинг барча босқичларида ўқувчи ва талаба ёшларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бўйича дарс машғулотлари ўқитилади. Бу, аввало, мактабгача таълим муассасасида бошланиб, тарбияланувчиларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида илк тушунчалар ўргатилади. Умумий ўрта таълим мактабларида эса 1-4-синфларда “Конституция алифбоси” курси ўқитилади. Шунингдек, атрофимиздаги олам, табиатшунослик, одобнома ҳамда тарбиявий соат машғулотларида Бош қомусимизда белгиланган қоидалар ҳақида маълумот берилади. “Конституция оламига саёҳат” курси давомида ўқувчиларга Конституция моддалари “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда бир қатор халқаро конвенциялар мазмун-моҳияти билан бирга тушунтирилади.
Ўқувчилар юқори синфларга ўтгач, уларга “Давлат ва ҳуқуқ асослари”, “Конституциявий ҳуқуқ асослари”, “Ҳуқуқшунослик” бўйича дарс машғулотлари ўтилади.
Юқори синфлар машғулотларида ўқитувчи мавзудан келиб чиқиб, дарсларни ёшлар ҳаёти, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида очиқ дарс тарзида, суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ҳуқуқшунослар билан учрашув шаклида, шунингдек, маъмурий органларга саёҳат, ўқувчилар ўртасида интеллектуал ўйинлар, кўрик-танловлар уюштириш орқали ҳам ташкил этиши мумкин.
Вилоятдаги мактабларда ана шу услублардан самарали фойдаланиб, ўқувчиларга Конституция ва қонунларни пухта ўргатаётган ўқитувчилар кўп. Ўқувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлар ҳақидаги билимини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишда ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган кўрик-танловлар ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Бизни мактабимизда ҳам Конституциямизнинг 28 йиллиги байрами кенг нишонланди.
Бу саъй-ҳаракатлар ўсиб келаётган ёш авлоднинг мамлакатимиз қонунчилиги ҳақидаги билими ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларни Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаган жамиятнинг фаол аъзолари сифатида тарбиялашга хизмат қилади.
Нигора Насуллаева,
Бухоро шаҳар 28 умумий ўрта таълим мактаби директори