Айбдор шахсларга нисбатан кескин чоралар кўрилди
Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика штаби томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, қиш мавсумига тайёргарлик ишларини ўрганиш ва аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш бўйича Бош прокурор ўринбосарлари раҳбарлигида 14 та ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.
Бош прокуратурада “Энергетика хавфсизлиги ойлиги” доирасида қиш мавсумини беталафот ўтказиш ва энергия ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиб борилмоқда.
Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов бошчилигида ўтказилган навбатдаги йиғилишда ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган қисқа муддатли ўрганишлар таҳлил қилинди.
Унда 3 минг 980 кўп квартирали уйларни таъмирлаш билан боғлиқ 2 минг 22, 529 та ижтимоий соҳа объектидаги 814, маҳаллалардаги 1 минг 295 муаммо бартараф этилиши таъминланиб, мавсумга тайёр ҳолга келтирилгани қайд этилди.
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газни етказиб бериш борасида 2 мингдан ортиқ камчилик бартараф этилди. 42,3 миллиард сўмлик 22 минг 446 тонна газ маҳсулоти етказиб берилиши таъминланди.
Умуман, назорат тадбирларида қонунбузилиши ҳолатлари билан боғлиқ 715 ҳолат аниқланиб, 600 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди ҳамда 7 минг 685 муаммо амалда бартараф этилиши таъминланди.
Шунингдек, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 4 минг 744 ҳолат аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан кескин чоралар кўрилди.
Энергия ресурсларини иқтисод қилиш йўналишида 46 минг 173 газ ускунаси тежамкорига алмаштирилди, 18,3 МВт қуёш панели ўрнатилди. 8 минг 171 хонадон икки босқичли тизимга ўтказилди.
Ишчи гуруҳларга ишларни жадаллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилиб, келгусида бажарилиши лозим бўлган зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА