Бор меҳримиз сенга, болажон!
Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акциясига старт берилди.
Навбатдаги донорлик акцияси 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан жорий йилнинг 1-3 июнь кунлари соат 9:00 дан 16:00 гача Республика қон қуйиш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларида ўтказилмоқда.
Хайрли тадбирда партия Марказий аппарати фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, вазирлик, давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этмоқда.
[gallery-29718]
Акцияда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова ҳам иштирок этди ва акциянинг аҳамиятига тўхталиб, фаол иштирокчиларга миннатдорлик билдирди:
– Ҳар бир бола халқимизнинг келажаги, эртанги ҳаётимизнинг асосидир. “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида ўтказилаётган бу хайрли тадбир нафақат инсонпарварликнинг, балки миллий бағрикенглик ва ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасидир. “Адолат” социал-демократик партияси инсон ҳаётини доимо энг олий қадрият деб билади. Хасталик билан курашаётган, қонга муҳтож болаларга ёрдам бериш жамиятнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги инсоний бурчдир. Шу маънода донорлик акциясида иштирок этиш фақат тиббий эҳтиёжни қондириш эмас, балки меҳр ва масъулият туйғусининг амалдаги ифодасидир. Ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшса, бир бемор бола соғайиши, уларнинг оиласига қувонч кириши мумкин, — деди партия етакчиси.
Дарҳақиқат, ўн йилдан буён йилда икки-уч марта ўтказиб келинаётган мазкур акция донорлик ҳаракатини ривожлантириш ва тиббий ёрдамга муҳтож болаларни ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Акциядан кўзланган асосий мақсад ҳам бемор болалар саломатлигини тиклашда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, аҳоли ўртасида беғараз ёрдам муҳитини мустаҳкамлаш, қон ва унинг таркибий қисмларига эҳтиёжи бўлган болалар учун қон захирасини тўлдириш ҳамда жамиятда донорлик маданияти, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб этишдан иборат.
Беғараз донорлик ҳаракатида иштирок этишни истаганлар жорий йилнинг 3 июнига қадар ҳар куни соат 9:00 дан 16:00 гача Республика қон қуйиш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларига келиб, болалар ҳимояси ва саломатлиги йўлида ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин.
Албатта, донорликда иштирок этишнинг ҳам ўз тартиб ва талаблари мавжуд. Мутахассислар таъкидлаганидек, донорлик ҳаракатида 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар фуқаролик паспорти билан иштирок этиши мумкин. Қон топширишдан бир кун аввал аччиқ ва шўр маҳсулотлар, спиртли ҳамда газли совуқ ичимликлар истеъмол қилмаслик тавсия этилади. Шунингдек, донорлик куни эрталабки нонуштада тухум, ёғ ва сут маҳсулотлари истеъмол қилмаслик лозим. Сариқ касаллигига чалинмаганлик ва “D” рўйхатда турмаслик талаб этилади.
Бу каби беғараз акция донорлик ҳаракатини оммалаштириш ва ривожлантириш, кўнгилли донорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришда, жамиятда меҳр-оқибат муҳитини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова,
Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА