Андижонда Ўзбекистонда иммунизация ва вакцинация жараёнлари, Миллий профилактик эмлаш тақвими ва бу борада олиб борилаётган ишлар, аҳолига ишончли маълумотлар етказиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар, шунингдек, соҳанинг мутахассис ва экспертлари иштирок этди.
Анжуманда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассиси Наргиза Эгамбердиева, Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, Андижон, Фарғона вилоятлари санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлимлари мутасадди ва мутахассислари томонидан юртимизда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар, натижа ва самаралари ҳақида кенг маълумотлар берилди.
– Юртимизда, хусусан, Андижон вилоятида эмлаш ва вакцинация ишлари белгиланган режа асосида изчил ва тизимли олиб борилмоқда, – дейди Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Юсупов. – Натижада аҳоли, айниқса, болалар ўртасида турли юқумли касалликлар келиб чиқиши ҳолатлари кескин камаймоқда.
Анжуманда мутахассислар томонидан авваллари болалар ўртасида турли юқумли касалликлардан ўлим кўрсаткичлари юқори бўлганлиги, чунки улар қатор хавфли инфекцияларга қарши эмланмаганлиги айтиб ўтилди. Вакциналарнинг аксарияти бола бир ёшга тўлгунича қўлланилади. 2000 йилгача дифтерия, қоқшол ва кўкйўталга қарши фақат АКДС вакцинаси қўлланилган. Кейинчалик профилактик эмлаш режасига ўзгартириш киритилиб, 2, 3 ва 4 ойлик чақалоқларни “Пента-1”, “Пента-2” ҳамда “Пента-3” комбинация қилинган вакциналар билан эмлаш йўлга қўйилди.
Ҳозир болалар 2, 3 ва 4 ойлигида тегишли кетма-кетликда “Рота-1”, “Рота-2”, “Рота-3” вакциналари билан эмланмоқда. Натижада ўғил-қизлар ўртасида вирусли диарея касаллигидан ўлим ҳолатлари кузатилгани йўқ. 2018 йилда пневмококк касаллигига қарши бола 2, 3 ва 12 ойлик бўлганида қўлланиладиган Пневмо-1, Пневмо-2, Пневмо-3 вакциналари профилактик эмлаш режасига киритилди. Шу йили 2, 3, 4 ва 16 ойлик болаларни полиомиелитга қарши вакцина билан эмлаш ҳам жорий қилинди. Болалар 12 ойлик вақтида қизамиқ, паротит ва қизилчага қарши КПК-1, олти ёшлигида эса КПК-2 вакциналари билан эмланади. Миллий эмлаш режасига 2019 йилдан бачадон бўйни саратонига қарши қўлланилувчи ОПВ вакцинаси ҳам киритилди. Ҳар йили 9 ёшли 350 минг нафардан ортиқ қизлар ушбу вакцина билан эмланмоқда.
[gallery-7277]
Матбуот анжуманида шу кунларда дунёнинг қатор давлатларида маймун чечаги инфекцияси тарқалганлиги қайд этилиб, ушбу касаллик ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Атабеков маълумот берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, касаллик ҳозиргача жаҳондаги 14 та давлатда қайд этилган, шу кунгача ушбу касалликдан ўлим ҳолати рўйхатга олинмаган. Хасталик қайд этилган мамлакатларда касаллик енгил кечмоқда ва беморларнинг кўпчилиги бир неча ҳафта ичида тузалиб кетмоқда. Шунга қарамай, ҳозир Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маймун инфекцияси кенг тарқалиб кетмаслиги учун дунё мамлакатларини профилактик чораларни кучайтиришга чақирмоқда. Ўзбекистонда ҳозирга қадар маймун чечаги қайд этилгани йўқ. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг юртимизга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда жорий этилган Миллий профилактик эмлаш режаси бўйича 13 турдаги юқумли касалликлар, жумладан, дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, сил, вирусли гепатит В, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, ротавирус, пневмококк, гемофилиус инфлюэнца тип Б (ХИБ) инфекцияси, бачадон бўйни саратонига қарши режали вакцинация тадбирлари ўтказилади.
Профилактик эмлашлар учун 3 минг 138 та эмлаш пункти ажратилган. Чақалоқларни сил ва гепатит В га қарши эмлаш эса туғруқ комплексларида амалга ошириб келинмоқда. Муҳими, сўнгги йилларда юртимизда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлашлар билан аҳолини қамраб олиш даражаси 95-98 фоизни ташкил этади. Иммунизация тадбирларининг мунтазам ва самарали олиб борилиши натижасида 1996 йилдан буён республикамизда ёввойи полиовируслар келтириб чиқарадиган полиомиелит касаллиги тугатилди ва Ўзбекистон 2002 йилда “Полиомиелитдан холи ҳудуд”, 2017 йилда эса “Қизамиқ ва қизилчанинг 36 ойлик элиминациясига эришган ҳудуд” номли халқаро сертификатларни олишга муваффақ бўлди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА