Болалардек самимий ижодкор
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени соҳиби Раим Фарҳодий таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий тадбир ҳамда “Cлон-автобус и другие истории” китоби тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда ёшлар маънавий камолотида адабиёт аҳлининг ҳиссаси беқиёс экани таъкидланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, Раим Фарҳодий 1942 йил 16 майда Самарқанд шаҳрида туғилган. У шеърият, проза, драматургия, таржимонлик ва ва рассомлик йўналишларида фаол ижод қилиб келмоқда.
Раим Ҳакимович – Ўзбекистон Бадиий академияси ижодий уюшмаси аъзоси, «Булоқча» ("Родничок") экологик журнали ва болалар бадиий ижодиёти студияси бош муҳаррири. Адиб 50 дан ортиқ китоблар муаллифидир. Унинг асарлари Ўзбекистон мактаблари ва олий ўқув юртларининг ўқув дастурларига киритилган.

Раим Фарҳодий Самарқанд тиббиёт институтини тамомлаган. Бир муддат Самарқанддаги шифохоналардан бирида шифокор бўлиб ишлади. Ўша йилларда унинг шеъриятга қизиқиши ортиб, шеърлар ёза бошлайди. 1964 йилда у "Тонг қўшиғи" деб номланган биринчи китобини тугатди. Кейин “Чумоли метроси”, «Хаёлпараст», “Шамоллар боғлари”, “Афросиёб фрескалари” ва бошқа китоблари нашр этилди. Ижодкорнинг шеърлари турли газета ва журналларда чоп этила бошланди. Ўша йиллардаёқ унинг асарлари катта шуҳрат қозонди ва дунёнинг турли тилларига таржима қилинди.
Раим Фарҳодий 1973 йилда Москвадаги олий адабий курсни тамомлаган. Кейинчалик Ўзбекистонга қайтгач, “Шарқ юлдузи” журналида шеърият бўлими мудири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлади.

Ўтган асрнинг 80-90 йилларида шоир ва болалар эртак ёзувчиси Раим Фарҳодий истеъдоди янги қирралар билан порлади. У “Қулоқлари қизариб кетган фил ҳақида”, “Ким кимга ўхшайди?”, “Яшил туя”, “Фил автобуси”, “Сеҳргарга дуч келсанг”, “Саломатлик қадамлари ва бахт”, «Ватан байрамлари – болалик байрамлари”, “Йўлбарс боласи учун арча”, “Айиқ боласи Тяпка ва унинг дўстлари ҳақида”, “Салом болалар, қор”, “Осмон юлдузлари – ер юлдузлари”, “Уйда қуёш”, “Лайлак қўшиғи” каби кўплаб шеърий асарлар муаллифидир.
Тадбирда шоир шеърларидан намуналар ўқилди.
Адабий тадбирда Раим Фарҳодий йиғилганларга ижодига бўлган ҳурмат ва эҳтиром учун миннатдорлик билдирди.
ЎзА