Болалар ўйинчоқлари бўйича назорат хариди ўтказилди
Бугунги кунда бозорларимизда кўзни қувонтирувчи болалар ўйинчоқлари турлари кўпайиб бормоқда. Бу эса ота-оналар учун ҳам кенг танлов имкониятини яратади.
Шу билан бирга, уларнинг орасида ҳам сифатсиз ва болалар саломатлигига зарарли бўлган турлари ҳам учраб туради. Ана шундай ўйинчоқлар сифати ва стандарт талабларга мослиги юзасида назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси мутахассислари томонидан Нукус шаҳридаги савдо шохобчаларида назорат хариди ўтказилди.
Унда Хитойда ишлаб чиқарилган “BABY CONCERT” номли болалар ўйинчоқлари текширувдан ўтказилди. Маҳсулотлардан намуналар олиниб, лаборатория таҳлиллари амалга оширилди.
Маълум бўлишича, мазкур ўйинчоқлар механик зўриқишларга мутлақо бардош бера олмайди. Бу эса ўйинчоқнинг фойдаланиш жараёнида тезда синиб, майда бўлакларга бўлиниши ва натижада болаларнинг жароҳатланишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, ўйинчоқларнинг декоратив қопламаси нам муҳитга, бола сўлаги ва терлаш таъсирига чидамсиз экани қайд этилди. Бундай нуқсон ўйинчоқ таркибидаги зарарли кимёвий моддаларнинг ташқарига ажралиб чиқишига йўл очади. Бу ҳолат ўйинчоқни оғзига солишга мойил бўлган кичкинтойлар учун заҳарланиш ёки турли аллергик касалликлар келтириб чиқариш хавфини туғдиради.
Ҳозирда мазкур сифатсиз маҳсулотларнинг савдодан четлатилиши бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА