Бокс бўйича Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар қилинганидек, пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси»да бокс бўйича 15 ва 17 ёшли ўғил-қизлар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари ўтказилмоқда.
Қитъанинг турли мамлакатларидан келган қарийб 500 нафар чарм қўлқоп усталари иштирок этаётган мусобақанинг иккинчи кунида 9 нафар ҳамюртимиз саралаш босқичида рингга кўтарилди.
[gallery-29207]
15 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги баҳсларда 46 кг вазн тоифасида иштирок этган Васила Бахтиёрова ҳиндистонлик Ҳаншика Аттрига 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди. 49 кг вазнда Зебинисо Абдуллаева қозоғистонлик Ксения Егорова устидан 5:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. 52 кг вазнда Дурдона Хайриддинова қозоғистонлик Самал Толепбергенга 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. 55 кг вазнда Баҳора Маҳмуджонова қирғизистонлик Элина Догдурбаевага қарши кечган жангда иккинчи раунддаёқ муддатидан олдин ғалаба қозонди. 64 кг вазнда Малика Улуғбекова саудиялик Азиза Кандилни қийин кечган беллашувда 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
Шунингдек, 43 кг вазн тоифасида Адизбек Илҳомбеков туркманистонлик Муҳамметали Сердаровни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Бокс бўйича Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА