Бўка туманига янги ҳоким тайинланди
Халқ депутатлари Бўка туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш борасида белгиланган мақсад ва вазифалар ижроси юзасидан таҳлилий маъруза қилди.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, Бўка тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Сардор Исоқулов аввалроқ бошқа ишга ўтиши муносабати билан мазкур лавозимдан озод этилган эди.

Сессияда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Бўка тумани ҳокими лавозимига айни пайтда “Агробанк” АТБ Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Мурод Илҳомович Абдазимов номзодини тавсия қилди. Номзод депутатлар томонидан муҳокама қилиниб, унинг касбий тажрибаси, бошқарув салоҳияти ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги тажрибасига эътибор қаратилди.
Халқ депутатлари Бўка туман Кенгаши томонидан М.Абдазимовни Бўка тумани ҳокими этиб тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
А.Мусаев, ЎзА