Боғдоддаги 20 та умумтаълим мактаби директори тақдирланди
2019-2020 ўқув йилида умумтаълим мактаблари битирувчиларининг олий ўқув юртларига киришлари Бағдод туманида 9,9 фоизга ошган бўлиб, Фарғона вилоятида биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Албатта, бу кўрсатгичга ўз-ўзидан эришилгани йўқ.
Айни кунда туманда 59 та умумтаълим мактаби фаолият кўрсатмоқда. Таълимда сифатни ошириш, янги педагогик технологияларни жалб этиш ўз самарасини бераётир.
Мактабларда тажрибали, маҳоратли ўқитувчилар сони кўпайди. Улар меҳнатига яраша рағбатлантирилаётгани, қулай шароитлар яратилаётгани ютуқларнинг омили бўлаётир. Бағдодлик битирувчиларнинг 755 нафари турли олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган. Битирувчиларни олий ўқув юртларига тайёрлаш бўйича бой тажрибаларни оммалаштириш мақсадида 20 нафар мактаб директорини тақдирлаш бўйича халқ депутатлари туман кенгашининг қарори қабул қилинди.
Бир марталик мукофот пулларини топшириш маросимида туман ҳокими Алибек Турсунов илғор педагоглар ҳамда мактаб директорларига депутатлар ва битирувчи ўғил-қизларнинг ота-оналари номидан чуқур миннатдорлик билдирди.