Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги
Айни пайтда буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги бутун мамлакатимизда кенг нишонланмоқда. Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намоёндаси, тарихчи, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди, бой маънавий мероси, илмий асарлари ёдга олинмоқда. У яратган бебаҳо асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтиришдаги ўрни беқиёсдир.
Мамлакатимизнинг қадимги ва ўрта асрлар тарихига оид араб, форс, Хитой, Ҳиндистон ва ўрта осиёлик муаллифлар ёзма манбаларида Жиззах воҳаси тарихи ҳақида анча бой маълумотлар сақланиб қолган. Ушбу манбалар ичида Жиззах воҳасининг XV-XVI асрлар даври тарихи ҳақида Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асари алоҳида аҳамият касб этади.

“Бобурнома”ни ўзбек адабиётида дастлабки насрий мемуар, тарихий илмий асар деб айтсак асло муболаға бўлмайди, сабаби у эски ўзбек (чиғатой) тилида ёзилган. “Бобурнома”да 1494-1529 йилларда Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистонда содир бўлган тарихий сиёсий воқеалар йилма-йил ўта аниқлик билан баён қилинган. Ушбу бебаҳо асар ўзида баён қилинган воқеалар жараёнига кўра, 3 қисмга: Бобурнинг Мовароуннаҳр (1494-1504), Афғонистон (1504-1524) ва Ҳиндистон (1524- 1530)даги ҳукмдорлик даврига бўлинади.
Асар тарихий адабий манба сифатида яна шуниси билан эътиборлики, унда кўплаб тарихий шахслар, адабиёт ва санъат аҳллари, дин пешволари, шоҳ ва шаҳзодалар, беклар, амиру умаролар ҳақида маълумотлар учрайди.
Мирзо Бобур ўз асарида Жиззах воҳасидаги аҳоли масканлари – Илонўтти дараси, Халилия, Дизак, Пешағор, Зомин, Йом, Ёр-Яйлоқ каби кентлар ҳақида маълумотлар келтиради. Жумладан, муаллиф ҳижрий 904 йил (1498-1499) воқеалари қисмида шундай ёзади: Самарқанд ва Андижонга такроран юриш қилиб, ҳеч иш чиқаролмай, яна Хўжандга келдик. Самарқандни эгалламоқ умиди билан Ўратепадаги Муҳаммад Ҳусайн кўрагон дуғлатга кишилар юбориб, сўзлашиб, бу вақтлари унга тегишли бўлган ҳазрат Хожа Аҳрорнинг мулк ерларидан Ёряйлоқ қишлоқларидан Пашоғарни, бу қиш бизга вақтинча бериб турсин, деб сўрадик. Муддаомиз у ерда ўтириб, Самарқанд вилоятини қўлга киритиш учун қўлдан келганча уриниш эди. Муҳаммад Ҳусайн мирзо ҳам рози бўлди. Хўжанддан отланиб Пашоғарга жўнаб кетдик. Зоминга етган фурсатда иситма бошланди. Иситмага қарамай, Зоминдан отланиб тоғ йўли билан ўтиб, Работи Хожа қўрғонининг устига келдик.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1498-1499 йилларда Самарқандга қилинган юришлари муваффақиятсиз тугагач, сулҳ тузиб, яна Жиззах воҳасидан ортга ота мулкларига қайтганини қуйидагича баён этади: “Ёз келиб сулҳ учун Хожа Яҳёни юбордилар, ўзлари ҳам лашкар пайида Шероз ва Кобуд атрофларига келдилар. Бизнинг бор лашкаримиз икки юздан кўпроқ, уч юздан озроқ эди. Ҳар тарафдан кучли ғанимлар. Андижон учун уриндик, толе ҳеч мадад қилмади. Самарқандга қўл узатдик, ҳеч иш юришмади. Заруратдан сулҳ тузганга ўхшаб келишиб, Пашоғардан орқага қайтилди”.
XV аср охирларида Темурий шаҳзодалар ва мулкдор зодагонлар ўртасидаги низо-фитналар, тахт учун курашнинг авж олиши натижасида Амир Темур салтанати бир неча бўлакларга бўлиниб кетади. Темурийларнинг ўзаро урушлари кучайган пайтдан фойдаланган Шайбонийхон усталик билан кўплаб қалъа ва кентларни босиб олади. Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо – Бобурнинг Темурийлар салтанатини сақлаб қолиш мақсадидаги саъй-ҳаракатлари зое кетади.
Бобур Мирзо Худак кентидан ўтиб, Илонўтти дарасида яқинлари билан отда баҳс қилиш чоғида эгари узилиб, отдан йиқилади ва бошидан жароҳатланади, минг азоб-уқубатлар билан тунни Илонўттида ўтказади ва бу воқеаларни шундай тасвирлайди: “Кеч намозгар Илонўттига тушуб, от ўлтуруб, этини шишлаб, кабоб қилиб, отни лаҳза тиндуруб, отландук. Тонгдан бурунроқ Халилия кентига келиб тушдук. Халилиядан Дизак келинди, ул фурсатда Закта Ҳофиз Муҳаммадбек дўлдойнинг ўғли Тоҳир дўлдой эди. Семиз этлар ва майда этмаклар, арзон, чучук қовунлар ва яхши узумлар фаровон”, дея баён этган.
Турли жанг ва низолардан толиққан Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жиззахда бир оз вақт бўлсада хотиржамлик ва фароғат кўрди. Буни муаллифнинг мазкур жумласида ҳам кўриш ммумкин: “Андоқ усраттин мундоқ арзонлиқ ва андоқ балияттин мундоқ амонлиққа келдик”. Истеъдодли саркарда ва нозиктаъб шоир Бобур Жиззахга атаб ушбу мисрани битган: “Ваҳму усраттин амоне топтуқ, Янги жон, тоза жаҳоне топтуқ.”
У яна Жиззах воҳаси ҳақида маълумот бериб, ўз туйғуларини қуйидагича ифодалайди: “Ўлум дағдағаси хотирдан рафъ бўлиб, очлик шиддати элдин дафъ бўлди. Умрумизда мунча фароғат қилмайдур эдук. Муддатул – умр амонлиғ ва арзонлиғ қадрини мунча билмайдур эдук. Ишрат усраттин сўнг, фароғат машаққаттин кейин лаззатлиқроқ ва яхшироқ кўрунур. Тўрт-беш навбат ушмундоқ шиддаттин роҳатқа ва машақаттин фароғатқа мунтақил бўлубдур. Аввалғи навбат бу эди. Мундоқ душман балосидин ва очлик ибтилосидин халос бўлуб, амонлиғ роҳатиға ва арзонлиғ фароғатиға етуштук. Уч-тўрт кун Дизакта истироҳат қилдук. Андин сўнг Ўратепа сари азимат қилдук”.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Уструшонадаги Жиззах воҳасига чегардош кентлар ҳақида Ўратепанинг кўхпоя кентларидан ҳисобланган Даҳкат ҳақида, “эли агарчи сорт ва деҳнишиндур, вале атроқдек гала ва рамаллиқ эллардир. Даҳкатнинг қўйини қирқ минг ченарлар эди”, деб таъриф беради. Ушбу таърифни тўғридан тўғри Масчо ва Даҳкат билан ёнма-ён жойлашган Ховос, Зомин, Жиззах ва алоҳида эътибор билан таърифланган Пешағор учун ҳам таалуқли деб ҳисоблаш мумкин.
Бу юртда деҳқончилик, чорвачилик ва ўз жойлашувига кўра савдо-сотиқ соҳаси ҳам кенг тараққий этганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунинг билан бир қаторда муаллиф воҳа аҳолисининг моҳир соҳибкорлар бўлганлигини “Арзон, чучук қовунлар ва яхши узумлар фаровон” деб ёзган изоҳидан ҳам билишимиз мумкин.
Ушбу даврда асосий савдо воҳалари Қўқондан Хўжанд ва Ўратепа орқали Жиззахга, Самарқанд ва Бухорога ўтувчи йўлнинг ҳам минтақавий алоқалардаги аҳамияти катта эди. Мазкур ҳолатда Жиззах воҳаси савдо-сотиқ ва стратегик жиҳатдан ҳам муҳим йўналишда жойлашганлиги ва нарх-наво арзон ҳамда турли соҳа вакиллари томонидан тайёрланган маҳсулотлар мўл бўлганлиги тўғрисида Мирзо Бобурнинг маълумотлари қимматли манба ҳисобланади.
Мустақиллик шарофати туфайли буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди билан кенг ва чуқур танишиш имкониятига эга бўлганлигимиз, айни ҳақиқатдир.
Янги Ўзбекистонда адибнинг номлари унутилаётган асарлари юзага чиқиб, кўп нусхада нашр этилмоқда. Галдаги вазифамиз ана шу бой ва нодир хазиналаримиз билан халқимизни баҳраманд қилиш, миллионлаб ёшларимизни халқимизнинг энг яхши урф-одатлари, миллий анъаналари руҳида тарбиялаш ҳамда уларга ўз аждодлари билан фахрланиш туйғусини чуқур сингдириб боришдан иборат бўлмоғи лозим.
Фаррух АКЧАЕВ,
ЖДПУ тарих факультьети декани, тарих
фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Жавоҳир САИДОВ,
ЖДПУ тарих факультети ўқитувчиси.
ЎзА