БМТ ва ЕИ билан экстремизмга қарши курашда илмий ҳамкорлик кучаймоқда
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Терроризмга қарши кураш бошқармаси вакиллари иштирокида икки кунлик халқаро семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбир Академия ташаббуси билан БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси, Европа Иттифоқининг Глобал терроризмга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказилди. Унинг асосий мақсади зўравон экстремизмнинг олдини олишда илмий тадқиқотлар ва таълим имкониятларидан самарали фойдаланиш, миллий ва халқаро тажрибани ўзаро уйғунлаштиришдан иборат.

Семинарнинг дастлабки куни «Профилактика соҳасида миллий тизим, янги Марказ ва ҳамкорликлар» мавзусига бағишланди.
Унда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси биринчи проректори Ҳабибулло Садибақосев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Мамадқулов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари вазифасини бажарувчи Рената Врубел, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори идораси вакили Анваржон Мелибоев, БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси лойиҳа менежери Дмитрий Пономарёв, шунингдек, Академия профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Мулоқотларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, айниқса, жамиятда маърифат муҳитини мустаҳкамлаш, зўравонлик ва экстремистик қарашларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Илмий-маърифий дастур доирасида Ўзбекистонда зўравон экстремизмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизими, радикализм ва экстремизм профилактикаси бўйича халқаро тадқиқот марказини ташкил этиш концепцияси, унинг устувор йўналишлари, шунингдек, халқаро тажриба ва амалиётда ўзини оқлаган ёндашувлар юзасидан маърузалар тингланди.

Семинарнинг амалий қисмида ҳам муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, экстремизмнинг олдини олишга қаратилган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ижтимоий тармоқлар учун мазмунли видеороликлар тайёрлаш, соҳа мутахассислари иштирокида видео қўлланмалар яратиш ҳамда илмий-оммабоп рисолалар нашр этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Академия профессор-ўқитувчиларининг ёшлар онгида соғлом дунёқарашни шакллантириш, интернет маконидаги зарарли ғояларга нисбатан танқидий муносабатни кучайтириш, диний мутаассибликнинг олдини олиш ва жамиятда бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш борасидаги фаолияти ҳам эътироф этилди.

Иштирокчилар «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясининг бугунги кундаги аҳамиятига тўхталиб, муқаддас динларнинг эзгулик, тинчлик ва бағрикенгликка чорловчи моҳиятини кенг тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг ислом цивилизацияси, илм-фани ва маданияти тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини чуқур ўрганиш ва бу бой меросни ёш авлодга етказиш масалаларига эътибор қаратилди.
Икки кунлик семинар доирасидаги фикр ва тажриба алмашинуви келгусида янги илмий ташаббуслар, таълим лойиҳалари ва халқаро ҳамкорлик алоқалари учун мустаҳкам замин яратиши шубҳасиз. Зеро, экстремизмнинг олдини олишда билим, маърифат, соғлом тафаккур ва ўзаро ҳамкорлик энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади.
Н.Усмонова,
ЎзА