“Биз соҳибқирон авлодларимиз”: тарих ва билим уйғунлиги
Буюк аждодларимиз меросини ўрганиш ва уларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини ёш авлод қалбига сингдириш бугунги куннинг энг эзгу вазифаларидан биридир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Амир Темур бобомизнинг бой ва серқирра мероси нафақат халқимиз, балки бутун инсониятнинг бебаҳо бойлигидир. Соҳибқирон ҳаёти ва фаолияти — ватанпарварлик, жасорат ва адолатнинг юксак намунаси бўлиб, ёшларимизни мана шу руҳда тарбиялашимиз лозим”.
Ана шу олижаноб мақсад йўлида, Сирдарё вилоятида Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар доирасида “Биз соҳибқирон авлодларимиз” мавзусидаги интеллектуал ўйин бўлиб ўтди. Алишер Навоий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган ушбу беллашув билим ва тафаккур майдонига айланди.

Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши, “Заковат” интеллектуал клуби ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда иштирокчи жамоалар Соҳибқироннинг ҳаёти, давлат бошқарувидаги доҳиёна сиёсати ва ҳарбий юришларига оид саволлар асосида беллашди. Бундай интеллектуал баҳслар ёшларнинг тарихий меросга бўлган қизиқишини ошириш билан бирга, уларда тезкор фикрлаш ва жамоавий ишлаш кўникмаларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Муросасиз кечган билимлар синовида иштирокчилар ўзларининг тарихий воқеликдан нақадар хабардор эканликларини намоён этди. Якуний натижаларга кўра, вилоят Ички ишлар бошқармасининг “ИИБ” жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, юксак тайёргарлигини кўрсатди. Иккинчи ўринни “Миллий гвардия” жамоаси, учинчи ўринни “Сарбон 9” жамоаси эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Сирдарёда ташкил этилган мазкур интеллектуал ўйин шунчаки мусобақа эмас, балки тарих ва келажакни боғловчи маънавий кўприк вазифасини ўтади. Соҳибқирон бобомизнинг: “Куч — адолатдадир” деган шиори бугунги авлод учун нафақат бошқарувда, балки билим ва тафаккур майдонида ҳам асосий мезон бўлиб хизмат қилмоқда.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири