Битирувчиларнинг ишончли қадамлари
Жиззах вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейида битирувчиларга диплом топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу йил академик лицейни бу йил 156 нафар ўқувчи тамомлади. Уларнинг аксарияти замонавий билим ва миллий сертификатларга эга бўлгани, айримлари эса олий таълим муассасаларига муддатидан олдин қабул қилингани мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини яна бир бор намоён этди.
Ушбу тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, лицей педагоглари, ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёш авлодни билимли, ватанпарвар ва рақобатбардош кадрлар этиб тарбиялашга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб, битирувчиларга келгуси ўқиш ва меҳнат фаолиятида улкан муваффақиятлар тилашди.

барчаси ахборот технологиялари йўналиши бўйича замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаган. Шунингдек, 137 нафар битирувчи инглиз тилини билиш даражасини тасдиқловчи миллий сертификатга, 147 нафари эса турли фан йўналишлари бўйича миллий сертификатларга эга бўлди.
Бу кўрсаткичлар таълим жараёнида назарий билим билан бир қаторда амалий кўникмаларни шакллантириш, ёшларни халқаро ва миллий талабларга мос тайёрлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар самарасини яққол намоён этмоқда.

Қувонарлиси, уч нафар битирувчи ўзининг юқори натижалари ва эришган ютуқлари туфайли имтиёз асосида олий таълим муассасаларига муддатидан олдин қабул қилинди. Бу эса лицейда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилган имкониятлар амалда ўз ифодасини топаётганидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, ички ишлар органлари учун замонавий билим ва юксак маънавиятга эга кадрлар захирасини шакллантириш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16-августда қабул қилинган “Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимиз ҳудудларида Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари ташкил этилган эди. Мазкур қарор ёшларни касбий жиҳатдан пухта тайёрлаш, уларда ватанпарварлик туйғуси ва юксак масъулият ҳиссини шакллантиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратди.

Бугун ана шу эзгу мақсадлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Жиззах академик лицейи битирувчиларининг билим даражаси, сертификатларга эгалиги ва олий таълимга йўл очаётган ютуқлари мамлакатимизда таълим сифати ва инсон капиталига қаратилган эътиборнинг муҳим самараларидан биридир.
Тантанали тадбирда битирувчиларга дипломлар топширилди. Ёшлар устозлар ва ота-оналарга миннатдорлик билдириб, келгусида эгаллаган билим ва тажрибаларини Ватан равнақи, юрт тинчлиги ҳамда халқ фаровонлиги йўлида сафарбар этишга тайёр эканликларини таъкидлашди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири