Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида битирувчилар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан таълим муассасаларида ташкил қилинаётган битирувчилар ярмаркалари ёш мутахассисларни ишга жойлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан таълим муассасаларида ташкил қилинаётган битирувчилар ярмаркалари ёш мутахассисларни ишга жойлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида бу йилги битирувчиларни ишга тақсимлаш мақсадида ташкил этилган ярмаркада турли идора ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Университет ректори Ғ.Раҳимов ва бошқалар таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз фуқаролик позициясига эга, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, бир нечта хорижий тилларда бемалол сўзлаша оладиган авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Ушбу таълим даргоҳини битирган юзлаб малакали мутахассислар мамлакатимизнинг нуфузли таълим муассасалари, турли давлат ва нодавлат ташкилотларида самарали фаолият юритмоқда. 2017 йил университетни 10 бакалавриат таълим йўналиши ва 11 магистратура мутахассислиги бўйича 1 минг 700 дан зиёд йигит-қиз тамомлайди.
Ярмаркада иш берувчилар билан битирувчилар ўртасида бевосита мулоқот ва шартномаларни расмийлаштириш ишлари олиб борилди. Битирувчилар ўз мутахассислиги ва қизиқиши бўйича турли ташкилот ва таълим муассасалари билан шартномалар имзолади.
Университет битирувчиси Ҳасан Мирсаидов пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари коллежида амалиёт ўтаган. Ўқишни тугатгач, у коллежда инглиз тили ўқитувчиси сифатида ишга жойлашадиган бўлди.
– Амалиёт давомида коллеждаги шароитлар билан яқиндан танишиб, иш жараёни бўйича кўникма олдим, – дейди Ҳ.Мирсаидов. – Бу таълим даргоҳида муваффақиятли иш бошлашимга ёрдам беради, деб ўйлайман.
– Ҳар йили ушбу ярмаркада фаол қатнашамиз, – дейди "Ўзбекистонда хорижий тиллар" электрон журнали ва интернет портали директори Гулмира Шукурова. – Журналимиз ҳам чет тилларни ўзлаштирган, интернет журналистикаси сир-асрорларидан хабардор ёш мутахассисларни ишга таклиф қилади. Бугун кўплаб талабалар таҳририятимизда амалиёт ўтамоқда.
Ўтган ўқув йили натижаларига кўра, битирувчиларнинг 86 фоизи муқим иш жойига эга бўлган. Университет жамоаси иш берувчилар билан шартнома имзоланганидан кейин битирувчиларнинг иш билан таъминланганликларини доимий мониторинг қилиб боради.