Битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш масалаларига бағишланган мажлис ўтказилди.
Тадбирда олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши, уларни иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари муҳокама қилинди. Битирувчиларнинг замонавий меҳнат бозори талабларига мос кўникмаларни эгаллаши муҳим экани таъкидланди.
Сенат томонидан олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича парламент назоратини амалга ошириш мақсадида тегишли қарор қабул қилинган. Унга мувофиқ, таълим йўналишлари, вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудлар кесимида режа-тақсимот тасдиқланган, шунингдек, республика, тармоқ ва ҳудудий ишчи гуруҳлари шакллантирилган.
Республика ишчи гуруҳи томонидан битирувчиларнинг бандлик баланси “career.edu.uz” платформаси орқали доимий онлайн мониторинг қилиб борилмоқда. Бугунги кунда мазкур платформанинг имкониятларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилган.

Муҳокама давомида соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. Хусусан, ҳозирга қадар платформада 30 мингдан ортиқ иш берувчи рўйхатдан ўтган бўлиб, битирувчилар томонидан 300 мингдан зиёд резюме шакллантирилган. Платформа хорижий иш қидириш платформалари ҳамда “Osonish.uz” тизими билан интеграция қилинган. Айни пайтгача унда 3 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари жойлаштирилган.
Бу эса иш берувчиларга эҳтиёжларига мос кадрларни танлаш, битирувчиларга эса ўз билим ва кўникмаларига мувофиқ иш ўринларини топиш имкониятини яратмоқда.
Йиғилиш якунида сенаторлар томонидан масъул вазирлик ва идораларга битирувчилар бандлигини таъминлаш ишларини янада жадаллаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА