Бишкек декларациясининг асосий бандлари
Бишкек декларациясида ШҲТ мамлакатлари барча давлатлар халқаро қарор қабул қилишда тенг иштирок этадиган кўп қутбли дунёни қўллаб-қувватлаши акс этган.
Аъзо давлатлар “гуруҳлар ва қарама-қарши ёндашувлар”, бир томонлама санкция ва баъзи мамлакатлар хавфсизлигини бошқалар ҳисобига таъминлашга уриниш каби қарашларга қарши чиқди. Шу билан бирга ШҲТ хавфсизлик тизимини мустаҳкамлаш ниятида. Мамлакатлар терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси ва трансмиллий жиноятчиликка қарши биргаликда самарали кураш олиб бориш, шунингдек мудофаа вазирликлари ҳамкорлигини кенгайтиришга ҳам келишиб олди.
Иштирокчилар Эрон ва Яқин Шарққа алоҳида урғу берган. Тузилма Эронга қарши ҳарбий ҳужумни қоралади, Ислом Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлади ва можарони фақат сиёсий-дипломатик воситалар орқали ҳал қилишга чақирди.
Ҳужжатда Марказий Осиё Ташкилот ўзаги сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари мамлакатлар ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш йўлида эришилган ютуқларни таъкидлаб, ушбу молиявий муассасани ишга тушириш бўйича ишни давом эттириш ниятини билдиришди.
С.Раҳимов, ЎзА