Бир хонадондаги тадбиркорлик фаолияти ўнлаб инсонларнинг даромад манбаига айланмоқда
Бир пайтлар оддий хонадон бўлган манзилда бугун тикув машиналарининг овози янграйди. Бу ерда меҳнат қилаётган ҳар бир инсоннинг ўз орзуси, ўз оиласи, ўз ризқи бор. Аммо уларни бир мақсад — меҳнат қилиб, ҳалол даромад топиш ва оила фаровонлигини ошириш бирлаштириб турибди.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманининг Янгиобод маҳалласидаги Мангитонобод қишлоғида амалга оширилаётган ишлар жараёнида тадбиркорлар ва аҳоли билан мулоқотлар ҳам ана шундай ҳаётий мисолларга бой бўлди. Бу ерда бир хонадон доирасида йўлга қўйилган кичик тадбиркорлик фаолияти нафақат бир оиланинг, балки ўнлаб инсонларнинг даромад манбаига айланмоқда.
Хонадонда яшовчи тадбиркор Жаҳон Сайфуллаев оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 2026 йилда 100 миллион сўм имтиёзли кредит олди. Ушбу маблағ ишлаб чиқаришни кенгайтириш, зарур жиҳозларни йўлга қўйиш ва тикувчилик фаолиятини ривожлантириш учун муҳим имконият яратди. Бугун эса бу имконият ўз самарасини бермоқда. Хонадонда эркак ва аёллар чопонлари тикилмоқда. Ҳозирда бу ерда 10 нафар ишчи доимий меҳнат қилмоқда. Бир қарашда бу оддий тикувчилик устахонасидек кўриниши мумкин. Аммо унинг ортида катта маъно бор: кредит — ишлаб чиқаришга, ишлаб чиқариш — бандликка, бандлик эса оилавий даромадга айланмоқда.


Ташаббуснинг энг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, тадбиркорлик фақат мазкур хонадонда ишлаётганлар билан чекланиб қолмаган. Ҳудуддаги 25 нафар ишсиз хотин-қиз касаначилик асосида иш билан таъминланган. Бу аёллар учун иш жойига узоқ масофани босиб ўтиш шарт эмас. Улар ўз хонадонларида меҳнат қилиб, оилавий юмушларини ҳам бажариш билан бирга даромад топиш имкониятига эга бўлмоқда. Уларнинг ҳар бирига ўртача 2,5 миллион сўмдан даромад шаклланмоқда. Демак, бир тадбиркорлик ташаббуси ортида 25 та оиланинг иқтисодий имконияти кенгаймоқда. Бу эса рақамдан кўра каттароқ маънони англатади.
Чунки ишсиз аёлнинг ишли бўлиши — бир оилада қўшимча даромад пайдо бўлиши, фарзандлар эҳтиёжларини таъминлаш имконияти кенгайиши, энг муҳими, инсоннинг ўз меҳнатига бўлган ишончи ортиши демакдир. Меҳнат самараси эса тайёр маҳсулотларда намоён бўлмоқда. Хонадонда тайёрланаётган эркаклар ва аёллар чопонлари нафақат туман бозорларида, балки Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари, шунингдек, Тожикистон бозорига ҳам етказиб берилмоқда. Бу эса маҳалладаги кичик ишлаб чиқаришнинг бозор талабига мослашиб, ўз харидорини топаётганидан далолат беради. Кеча оддий хонадонда бошланган ҳаракат бугун ҳудудлараро савдо алоқаларига уланмоқда. Тикув машинаси ортида ўтирган инсоннинг меҳнати эса маҳалла чегарасидан чиқиб, бошқа ҳудудлар ва қўшни давлат бозоригача етиб бормоқда.


Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқароларга ўз бизнесини бошлаш учун имтиёзли молиявий имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ғиждувон тумани Янгиобод маҳалласидаги ушбу хонадон мисоли ана шу сиёсатнинг одамлар ҳаётидаги амалий натижасини кўрсатиб турибди. Бу ерда гап фақат 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит ҳақида эмас. Асосий натижа — шу маблағ эвазига яратилган иш ўринлари, пайдо бўлган даромад манбалари ва ўз меҳнати билан оиласини таъминлаётган инсонлардир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири