Бир туп “каннабис” — жамиятга жиддий таҳдид
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида ўтказилаётган “Қорадори – 2026” тезкор-профилактик тадбири доирасида яна бир хавотирли ҳолат фош этилди.
Шу туманнинг “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 1965 йилда туғилган фуқаро М.И.нинг хонадони текширилганда, ёрдамчи хўжалигида 1 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётгани аниқланди. Ҳолат холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, айни пайтда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бир қарашда “атиги бир туп”дек туюлган бу ҳолат аслида жамият хавфсизлигига нисбатан бепарволикнинг хавфли кўринишидир. Чунки гиёҳвандлик воситалари етиштирилиши, сақланиши ёки тарқатилиши ортида нафақат қонунбузарлик, балки миллат саломатлигига раҳна солувчи жиддий таҳдид мужассам.
Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 6 майдаги “Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда сўнгги йилларда қабул қилинган Президент қарор ва дастурлари соҳада назоратни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. 2025–2026 йилларга мўлжалланган “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш бўйича миллий дастур” ҳам бу борадаги ишлар қатъий назорат асосида олиб борилаётганини кўрсатади.
Мутахассислар таъкидлаётганидек, гиёҳвандликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Айниқса, маҳалла ва оила муҳитида бефарқликка йўл қўйилмаслиги зарур. Зеро, бир туп “каннабис” ҳам эртанги оғир жиноятларга илдиз бўлиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири