Бир қадамда – минг имконият
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида маҳаллаларда “Бир қадамда – минг имконият” мавзусида учрашувлар ташкил этилмоқда.
Учрашувлар давомида тадбиркорликда муваффақият қозонаётган аёлларнинг тажрибаси оммалаштирилиб, уларнинг ютуқлари мисолида хотин-қизларда тадбиркорликка қизиқиш ва ишонч оширилмоқда. Тадбирлар маҳаллалар кесимида аниқ режа-графиклар асосида изчил амалга оширилмоқда.
Жараёнда малакали мутахассислар, жумладан, психологлар томонидан хотин-қизларда ўз имкониятларига ишончни мустаҳкамлаш, мавжуд тўсиқларни енгиб ўтишга қаратилган маърузалар ўқилмоқда. Шунингдек, уларга касб-ҳунар эгаллаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар берилмоқда.
[gallery-28354]
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар тажрибали тадбиркор аёлларга бириктирилиб, амалий ёрдам ва маслаҳатлар орқали мустақил фаолият бошлашига кўмаклашилмоқда.
Амалий ишлар натижасида ҳудудларда янги ишлаб чиқариш лойиҳалари йўлга қўйилаётир. Жумладан, Наврўз байрами арафасида Бухоро вилояти Олот туманидаги Эски Олот маҳалласида замонавий тикув цехи ишга туширилди. Мазкур цех тадбиркор Нигора Наврўзова томонидан ташкил этилиб, унда 10 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.
Айни пайтда ушбу тикув цехида аёллар ва болалар кийим-кечаклари ҳамда турли буюртмалар тайёрланиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳисса қўшилмоқда.
Ҳудудларда “маҳаллабай” ишлаш тизимининг жорий этилиши аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш ҳамда камбағалликни қисқартиришда муҳим омил бўлмоқда. Шу билан бирга, хотин-қизлар учун таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш ва тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари кенгаймоқда. Имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратилаётгани бу борадаги ишларнинг амалий натижасидир.
Таъкидлаш жоиз, “Бир қадамда – минг имконият” лойиҳаси хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ва маҳаллаларда барқарор ижтимоий-иқтисодий муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА