Бир ўринга 243 талабгор
Бугундан мамлакатимиздаги Президент мактаблари ҳамда ихтисослаштирилган таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланди.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Президент мактабига ўқишга кириш учун бу йил 5850 нафар 4-синф битирувчилари ҳужжат топширган бўлиб, бугун улар 13 та катта сиғимли биноларда тест синови топширмоқда. Мазкур биноларда ўқувчилар учун барча қулайликлар яратилди. Бинолар атрофида эса ота-оналар учун кутиш жойлари, жараённи онлайн кузатиш учун экранлар ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, бу йил юртимиздаги Президент мактабларига ўқиш учун ҳар йилгидан кўп 60169 та ариза топширилган бўлиб, бир ўринга ўртача 179 нафар талабгор тўғри келмоқда. Самарқандда эса бу кўрсаткич бир мунча юқори – бир ўрин учун 243 нафар талабгор ҳужжат топширган. Улар бугун дастлабки саралаш босқичида математикадан 40 та тест саволига жавоб берган бўлса, бу синовдан муваффақиятли ўтган ўқувчилар 17 июль куни кейинги босқичда билим ва иқтидорини намоён этади.
Самарқанд вилоятида ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги бошқа таълим муассасаларига тест синовлари 26 июнь - 3 июль кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
[gallery-30078]
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари