Бир лаҳзалик бепарволик фожиага сабаб бўлмасин
Фарғонада бир ҳафтада икки оиланинг 12 аъзоси ис газидан вафот этди. Улар орасида 7, 3 ва 1 ёшли қизалоқлар ҳам бор эди...
Афсуски, қиш ҳали эшик қоқиб келмасиданоқ, ижтимоий тармоқларда шу каби аянчли хабарлар тарқала бошлади. Ҳаволар совимоқда, аксарият хонадонларда аллақачон иситиш мосламалари, газ печлари ва турли муқобил иситиш воситаларидан фойдаланиш кўпайди. Ташқаридан қараганда уй иссиқ, оила тинч, ҳамма ўз юмуши билан банд. Аммо айрим хонадонларда кўзга кўринмайдиган, ҳидсиз ва таъмсиз хавф аллақачон тарқалаётган бўлиши мумкин. Бу — ис гази. Энг ачинарлиси, унинг хавфи кўпинча кеч англанади. Чунки ис газини кўриб ҳам, ҳидлаб ҳам бўлмайди. Инсон эса хавфни сезгунига қадар заҳарланиш жараёни бошланган бўлиши мумкин.
Аслида хавф қаердан бошланади?
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ис гази — ёқилғи таркибидаги углероднинг кислород етишмаган шароитда тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўладиган заҳарли модда бўлиб, носоз газ ускуналари, иситиш печлари, дудбурон ва мўриларнинг яхши ишламаслиги, шунингдек, ҳаво айланиши чекланган жойларда пайдо бўлиши мумкин. Кўпчилик ис газидан заҳарланиш фақат эски печ ёки носоз газ жиҳозлари билан боғлиқ, деб ўйлайди. Аслида эса хавф манбалари бундан кенгроқ. Техник талабларга жавоб бермайдиган иситиш ускуналари, дудбуроннинг тиқилиб қолиши, ёпиқ хонада автомобиль двигателини ишлатиш ҳам жиддий хавф туғдиради.
Муаммонинг хавфли жиҳати шундаки, инсон танасида кечаётган заҳарланиш аломатларини ўз вақтида англамаслиги мумкин. Ис гази нафас орқали организмга кириб, қондаги гемоглобин билан бирикиб олади ва кислороднинг тўқималарга етказилишига тўсқинлик қилади. Натижада, энг аввало мия ва юрак кислород танқислигидан азият чекади.
Кучли бош оғриғи, ланжлик, бош айланиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, нафас қисиши — ис газидан заҳарланишнинг дастлабки белгилари бўлиши мумкин. Оғир ҳолатларда ҳушдан кетиш, тиришиш, юрак фаолияти бузилиши ва ҳатто ўлим юз бериши эҳтимоли бор. Айниқса, бир хонада бўлган бир нечта одамда бир вақтнинг ўзида бош оғриғи, кўнгил айниши ёки ҳолсизлик кузатилса, буни оддий чарчоқ ёки шамоллаш деб қабул қилиш мумкин эмас. Бундай вазиятда ҳар бир дақиқа ғанимат, вақтни бой бериш эса ҳаёт учун хавфли. Энг биринчи чора дарҳол барча одамларни тоза ҳавога олиб чиқиш, хавфсиз бўлса газ манбасини ўчириш, эшик-ойналарни очиш, электр чироқлари ва бошқа электр жиҳозларини ёқмаслик лозим. Бу каби ҳолатда “112” ёки “103” рақамига қўнғироқ қилиш, тиббий ёрдам чақириш зарур. Ҳушсиз одамни ёпиқ хонадан ҳимоя воситаларисиз олиб чиқишга уриниш қутқарувчининг ўзи учун ҳам хавф туғдириши мумкин. Муҳими, аломатлар йўқолгандек туюлса ҳам, тиббий кўрикдан ўтиш шарт. Ис газидан заҳарланишнинг айрим асоратлари кейинроқ ҳам намоён бўлиши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъуллари бу борада тез-тез огоҳлантиришлар билан тарғибот ишларини амалга оширмоқда. Иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши ҳамда инсонлар ис газидан заҳарланиши мумкинлиги тўғрисида тинимсиз бонг уради. Қўлбола ва носоз газ иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, тунги вақт аҳоли турар жойларида ўрнатилган иситиш тизимини назоратсиз қолдирмаслик, ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталаридан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланмаслик, иситиш печлари ва уларнинг мўриларини созлигига, улар турли буюм ва тўсиқлар билан беркитилмаслигига ҳамда махсус ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига алоҳида эътибор бериш каби муҳим тавсияларни ўз вақтида тақдим этиб бормоқда.
Мантиқан ўйласак, хавфни фожеага айлантирмаслик ўз қўлимизда. Ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш учун мавсумий тайёргарликни совуқ тушгандан кейин эмас, ундан олдин бошлаш лозим. Бунинг учун газ ускуналари ва иситиш мосламаларини малакали мутахассисга текширтириш, дудбурон ва мўриларнинг тозалиги ҳамда тортиш кучини назорат қилиш, хонада доимий ҳаво алмашинувини таъминлаш муҳим. Ис газини аниқловчи махсус сигнализатор ўрнатиш ҳам хавфни эрта сезишга ёрдам беради.
Бу борада масъул идораларнинг профилактик тушунтириш ишлари ҳам фақат мавсумий тадбирлар билан чекланиб қолмаслиги зарур. Ҳар бир хонадонда хавфсизлик қоидаларига амал қилинаётгани, газ жиҳозлари ва мўриларнинг техник ҳолати назоратда экани муҳим. Зеро, хавфсизлик фақат огоҳлантирувчи эълонлар ёки деворга илинган қоидалар билан таъминланмайди. У кундалик ҳаётдаги масъулият, техник назорат ва ҳар бир инсоннинг ҳушёрлиги билан бошланади. Бир лаҳзалик бепарволик ортидан бир умрлик пушаймон келмасин. Ис гази огоҳлантирмайди, аммо унинг олдини олиш мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА