“Билимга – рағбат, меҳнатга – имконият, ташаббусга – мадад” муҳити яратилса, Қашқадарё энг илғор ҳудудлар қаторига чиқиши мумкинлиги айтилди
Қашқадарёда йилнинг тўққиз ойида саноат 8,4 фоиз, хизматлар 16,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги 4,9 фоизга ўсди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ҳозирги натижалар билан вилоятнинг мавжуд салоҳияти ўртасида ҳали катта фарқ борлигини кўрсатиб ўтди.
Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари бўйича вилоят республикада еттинчи, хизматлар бўйича тўққизинчи, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш ҳажми бўйича ўн биринчи ўринда. Президентимиз туман ҳокимлари ва банклар “билимга – рағбат, меҳнатга – имконият, ташаббусга – мадад” берадиган муҳит яратса, Қашқадарё бир-икки йилда энг илғор ҳудудлар қаторига чиқиши мумкинлигини таъкидлади.
Саноатда янги босқичга ўтиш учун вилоятда етарли ресурс бор. Газ, электр ва ер ости бойликларини даромадли иш ўринлари ҳамда юқори қўшилган қийматга айлантириш вазифаси қўйилди.
“GTL” заводида қиймати 300 миллион доллар бўлган учта йирик лойиҳа тайёр. Заводдан олинадиган 430 минг тонна нафта асосида янги полимерлар ва нефт-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 1,5 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш мумкин. Деҳқонобод калий заводи қувватини 365 минг тоннадан 600 минг тоннага етказиш имконияти, кичик тоннажли кимё йўналишида эса 830 миллион долларлик 30 дан ортиқ лойиҳавий таклиф бор.
Вилоятга тайинланган лойиҳа менежери ва бошқа масъулларга 20 миллиард долларлик лойиҳалар ва 50 минг иш ўрнини қамраб оладиган уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди.
ЎзА