Билим ва малака — асосий капитал
Бугунги кунда давлатимиз томонидан таълим тизимига, хусусан ёшларнинг замонавий билимларини ошириш, интеллектуал салоҳиятини бойитиш, уларнинг замон билан ҳамнафас, етук инсонлар бўлиб камол топиши учун берилаётган эътибор юртимиз тараққиётига йўналтирилган узоқ муддатли сармоя сифатида катта аҳамият касб этиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 28 август куни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мазкур фикрларга тўхталиб ўтар экан, мамлакатимизнинг яқин ва узоқ истиқболдаги тараққиётини таъминлашга қаратилган 7 та миллий дастурни илгари сурди.
Мазкур дастурлар юртимизни янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш, инсон қадрини юксалтириш, иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим вазифаларни қамраб олади.
Уларнинг дастлабки ва стратегик йўналишларидан бири билим ва малакани келгуси тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришдир. Зеро, замонавий дунёда рақобат нафақат табиий бойликлар ёки молиявий ресурслар, балки билимли, малакали, янгиликка интилувчан ва юксак салоҳиятли инсонлар учун ҳам кечмоқда.
Шу нуқтаи назардан, таълим тизимини янги сифат босқичига олиб чиқиш, ҳар бир болага муносиб таълим олиш имкониятини яратиш, ўқитувчи ва педагогларнинг мақоми ҳамда касбий салоҳиятини юксалтириш — мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини белгилаб берувчи энг муҳим омиллардан биридир.
Шу боисдан бугунги кунда таълим соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, мазкур йўналишлардаги ишлар бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган кенг ва халқчил ислоҳотларимиз марказида, стратегик мақсадга айланиб бормоқда.
Айниқса, Давлатимиз раҳбари бошчилигида сўнгги ўн йилда мактабгача ва мактаб таълими тизимида амалга оширилган трансформация соҳани бутунлай янги қиёфа ва янги босқичга олиб чиқди, десак хато бўлмайди.
Бунинг натижасида мактабгача таълим билан қамров даражаси 2016 йилда 27 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб 78 фоизни ташкил этмоқда.
Шу билан бирга жорий йил давомида 811 минг нафардан ортиқ 6 ёшли болаларни мактабга тайёрловга жалб қилиш натижасида қамров кўрсаткичини 99,3 фоизга етказиш режалаштирилган.
Болаларни мактабгача таълимга қамровини оширишда яна бир катта аҳамиятга эга бўлиб бораётган «Ақлвой» лойиҳаси доирасида олис ва чекка ҳудудларга қадар ушбу таълим тури етиб бораётганлиги юртдошларимизга катта манзур бўлиб бораётганлиги ҳам сир эмас.
Айни вақтга қадар мамлакатимиздаги шу каби олис ҳудудларда жойлашган 216 та маҳаллада 648 та кўчма мобиль гуруҳлари ташкил этилди ҳамда 10 минг нафардан ортиқ болалар мактабгача таълимга қамраб олинди.
Мактабгача таълим билан қамраб олиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, алоҳида таълимга эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия хизматларини кўрсатиш мақсадида 99 та туман (шаҳар)да Илк ривожланиш марказлари ташкил этилди ҳамда уларга 6 658 нафар болалар қамраб олинди.
Мактабгача таълим соҳасидаги педагоглар сони ва уларнинг малака даражаси ҳам йилдан йилга ортиб бормоқда. Мисол учун, 2017 йилда мактабгача таълим ташкилотларидаги жами педагоглар сони 58,4 минг нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 179,5 минг нафарга етди.
Мактабгача таълим соҳасида нодавлат таълим муассасалар сони сезиларли ошиб бориши натижасида айни вақтда юртимиздаги нодавлат ҳамда ДХШ асосида фаолият юритиб келаётган мактабгача таълим муассасалари ва хусусий мактаблар сони ортиб бормоқда.
Биргина 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида 118 та ДХШ асосидаги мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши натижасида 13 779 та, 1 100 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши натижасида 42 790 та, жами 56 569 та янги бола ўрни яратилди.
Бу ҳам фарзандларимизнинг мактабгача таълим йўналишига кенгроқ жалб қилиш, уларнинг сифатли таълим-тарбия олишларида муҳим ўрин тутади.
Таълим жараёнларини изчил давом эттириш ҳамда ўқувчиларга муносиб шарт-шароитларни яратиб беришда таълим соҳаси инфратузилмасини доимий ривожлантириб бориш зарур ва бу борадаги ишлар ҳам давлатимиз томонидан мунатаазм олиб борилмоқда.
Хусусан, 2024-2025 йилларда жами 1 379 та умумтаълим мактабида (шундан 77 та янги қурилиш, 1 124 та реконструкция ва 178 та мукаммал таъмирлаш) қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлиб, бунинг натижасида умумтаълим мактабларида жами 400,7 мингта янги ўқувчи ўрни яратилди ва ушбу ишларга қарийб 6,9 трлн.сўм маблағ йўналтирилди.
Шу билан бирга жорий йилда ҳам барча дастурлар доирасида 768 та мактабда (шундан 36 та янги қурилиш, 502 та реконструкция ва 230 та мукаммал таъмирлаш) қуриш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур мақсадлар учун бюджетдан 5,9 трлн. сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Келтириб ўтилган ишлар натижасида мактабларда 181,2 минг янги ўқув ўринлари яратилиши, мавжуд 203,3 минг ўринли бинолар мукаммал таъмирланишига эришилади.
Албатта, болаларимизнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, ижодий, жисмоний ва ҳар томонлама етук шахс бўлиб ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, таълим-тарбия жараёнини илғор тажрибаларга мувофиқ инновацион технологиялар асосида ташкил этиш айни кундаги мақсадларимизнинг муштарак қисмидир.
Юртимизнинг келажаги бўлган йигит-қизларни ҳар томонлама етук ва билимли шахслар этиб тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини халқаро минбарларга олиб чиқиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб бўлиб бораётганлигини таъкидлашни истардим.
Бу борада Ўзбекистонда фан олимпиадаларига қаратилаётган катта эътибор ва яратилган шаффоф тизим катта ютуқларимизга сабаб бўлмоқда. Жумладан, мамлакатимиз ёшларининг жорий йилда 5 та нуфузли халқаро олимпиадада 20 та (1 та олтин, 8 та кумуш ва 11 та бронза) медални қўлга киритишганлигини айтишни ўзи етарли. Натижада иқтидорли ўқувчиларимизнинг халқаро илм майдонида сўнгги ўн йилликдаги кўрсаткичи 5 бараварга ошиб, тарихий натижа қайд этилди.
2026 йилда иқтидорли ўқувчиларимиз томонидан 28 та нуфузли, халқаро ва минтақавий олимпиадаларда жами 228 та (38 та олтин, 82 та кумуш ва 108 та бронза) медални қўлга киритди медаль қўлга киритди.
Бу натижалар мамлакатимизда иқтидорли ёшларни аниқлаш, тизимли тайёрлаш, ғолиб ўқувчилар ҳамда уларнинг устозларини муносиб рағбатлантириш шароитлари ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Юқорида таъкидланганидек, мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги изчил ва узлуксиз ислоҳотларнинг бош мақсади мактабларимизда таълим сифатини ошириш ҳамда фарзандларимизнинг юқори билим ва малакага эга бўлишидир.
Сабаби сифатли таълим олган ўқувчи ўз олдига катта ва аниқ мақсад қўя олади. Бу эса биз истаётган комил ва баркамол авлодни вояга етказишдаги асосий жиҳатлардан биридир.
Шу мақсадда вазирлик томонидан умумий ўрта таълим мактабларига хорижий тилларни ўқитиш мақсадида 2023-2026 ўқув йиллари давомида умумий ҳисобда 2200 нафарга яқин, Тошкент шаҳрига 1100 нафарга яқин хорижий мутахассис жалб қилинган.
Айни вақтда эса республикамиздаги умумтаълим мактабларида фаолият юритиш учун 40 дан ортиқ хорижий давлатдан 1 400 нафардан ортиқ, хусусан Тошкент шаҳрига 35 нафардан ортиқ хорижий мутахассис келган. Мазкур хорижлик мутахассислар вазирлик тизимидаги умумтаълим мактабларида инглиз, корейс, француз, хитой, немис, япон тиллари бўйича таҳсил беришмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22 сон фармонига мувофиқ, 2026-2027 ўқув йили давомида умумтаълим муассасаларига жалб этилган хорижий мутахассислар сонини 2 минг нафарга етказиш режалаштирилган.
Мактабларда чет тили фанини ўқитиш сифатини янада яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳрида жорий этилган «Келажак учун хорижий тил» лойиҳаси ҳам бугунги кунда ўз ижобий самарасини бераётганлиги қувонарли ҳол.
Хусусан, 2025-2026 ўқув йили давомида мазкур лойиҳа доирасида Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 11-синф ўқувчилари ўртасида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан хорижий тил билиш кўникмалари бўйича баҳолаш жараёнлари ташкил этилди ва унда 10 минг нафардан ортиқ ўқувчилар Б1 ва ундан юқори натижаларни қайд этишди.
Шу ўринда таълим тизимининг яна бир муҳим бўғини бўлган Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим муассасалари фаолиятига тўхталиб ўтишни хоҳлардим.
2019 йилда ташкил этилган мазкур тизимда дастлаб 16 та (4 та Президент, 9 та ижод ва 3 та ихтисослаштирилган) таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 15 бараварга ошиб, таълим муассасалари сони 249 тага етди. Биргина жорий ўқув йилида тизимдаги мактаблар сони яна 21 тага кўпайиши натижасида 5 мингдан ортиқ иқтидорли ўқувчиларнинг сифатли таълим олиш имкониятлари яратилди.
Айни вақтда мазкур мактабларда 88 мингга яқин ўқувчига 9 мингдан зиёд педагог томонидан замонавий таълим дастурлари асосида таълим-тарбия берилмоқда. Шунингдек, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда STEM фанларини босқичма-босқич инглиз тилида ўқитиш амалиёти кенгайтирилмоқда.
Айтиш лозимки, тизимда кадрларни саралашнинг шаффоф ва рақобатбардош механизми шакллантирилиб, мактабларга раҳбар ходимларни икки босқичли, педагог ходимларни эса уч босқичли танлов асосида ишга қабул қилиш тизими жорий этилди. Бу орқали юқори билим ва салоҳиятга эга, замонавий педагогик ёндашувларни пухта эгаллаган кадрларни тизимга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига мақсадли тайёрлашга қаратилган “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури йўлга қўйилиб, дастур доирасида 3 000 нафар ўқувчи махсус тайёргарликка жалб этилган.
Ўқувчиларни саралаб олиш жараёнида ҳам халқаро тажриба ва шаффоф баҳолаш механизмлари кенг қўлланилмоқда. Президент мактабларига қабул Cambridge халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда икки босқичда амалга оширилмоқда. Ижод мактабларига қабул Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда уч босқичда, ихтисослаштирилган мактабларга эса Marshall Cavendish билан ҳамкорликда ташкил этилаётган имтиҳонлар натижалари асосида амалга оширилмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ўқувчиларнинг халқаро майдондаги ютуқларида ҳам яққол намоён бўлмоқда. 2025 йил давомида Агентлик тизими ўқувчилари нуфузли халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида 127 та (24 та олтин, 46 та кумуш ва 57 та бронза) медални қўлга киритди. Бу Ўзбекистон ўқувчилари томонидан ушбу мусобақаларда қўлга киритилган жами медалларнинг 60,4 фоизини ташкил этади.
Айниқса, битирувчиларнинг дунёнинг етакчи университетларига кириш натижалари алоҳида эътиборга лойиқ. 2025-2026 ўқув йилида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг 34 нафар 11-синф ўқувчиси дунёнинг ТОП-300 талигига кирувчи олий таълим муассасаларига 100 фоизлик грант асосида муддатидан олдин қабул қилинди.
Жумладан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари Элбек Зоҳиджонов ва Асилбек Суннатов Massachusetts Institute of Technology — MIT университетига, Фарғона шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Дилафрўз Собирова эса Гарвард университетига тўлиқ грант асосида қабул қилинди.
Умуман олганда, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мактабгача ва мактаб таълими соҳасида олиб борилаётган кенг ва ҳаётий ислоҳотлар бугун том маънода ўз самарасини кўрсатяпти, десам адашмайман.
Давлатимиз раҳбарининг мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ва унда муҳим дастурлардан бири сифатида белгиланган билим ва малакани келгуси тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш — чинакам маънода бугун катта ва эзгу мақсадимизга айланиб бораётганлиги бор гап.
Бу ҳаётий ташаббуслар эса ҳар бир юртдошимиз ҳаёти ва турмуш тарзининг ўзгариши, ёшларимизнинг келажакда муносиб баркамол авлод бўлиб камол топишида муҳим асос бўлиб хизмат қилиши, табиий.
Эъзоза Каримова,
Мактабгача ва мактаб таълими вазири