Гулистонлик Хуршидбек Каримов бешикчилар сулоласининг еттинчи авлоди. У бешик, сандиқ, рўзғор учун ишлатиладиган ўқлов, чўмич, ғалвир, элак каби ҳунармандчилик маҳсулотларини ясаш сир- асрорини дадаси Иброҳим бобо, онаси Машрабхон аядан ўрганган.
– Асли андижонликмиз, Гулистонга отамнинг оталари, раҳматли Карим бобом келганлар. Дадам шу ерда туғилган. Ўғлим Фаррухжон мендан, мен эса дадамдан, дадам Карим бобомдан, Карим бобом оталари Рустам бобомдан, Рустам бобом Неъмат бобомдан, Неъмат бобом Ҳотамжон бобомдан, Ҳотамжон бобом Арслон бобомдан ўрганган. Ундан у ёғи ҳам уста ҳунарманд бўлишган дейишади, аммо мен билмайман. Билганларим эса шу,–дейди бешикчилар сулоласи давомчиси.
Бир ойда қирқ- қирқ бешта, хомашё етарли бўлиб турса, ундан ҳам кўп бешик, шунга яраша сандиқ, уй- рўзғор буюмлари ясаб, қанча хонадонга қувонч улашаётган Хуршидбек Каримовнинг ортидан нафақат у, бутун аъзолари кам бўлгани йўқ. Унинг онаси ҳунарманд, Машрабхон ая Каримова ҳам 2007 йилда ушбу ҳунар ортидан давлатимизнинг юксак мукофоти “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
– Асли Андижонликман. 1967 йили Тошкент пахтачилик институтини тамомлаб, Гулистон шаҳрида истиқомат қиладиган узоқ қариндошимиз, раҳматли Иброҳимжон акага турмушга чиқдим. Қайнотам, қайнонам, турмуш ўртоғим, хуллас, улар оиласи бешикчилик билан шуғулланишар экан. “Қўй қизим, пахтачилик соҳаси сенга оғирлик қилади. Қолаверса, аёлларнинг иши эмас, кун бўйи, баъзан кечи билан далада юришингга тўғри келади” дея қайнотамнинг бир оғизгина айтган сўзи билан пахтачилик соҳасида эмас, ҳунармандчилик соҳасида меҳнат қилдим. Яратганга шукр, қайнотам ва қайнонам ўз фарзандларидан ортиқ кўрса кўрардики, кам кўрмасди. Улар панду насиҳати, дуолари сабаб элда, юртда ҳурмат қозондим. Биринчи Президентимизнинг шахсан қўлларидан давлатимизнинг юксак мукофотини олишга мушарраф бўлдим,–дейди Машрабхон ая.
[gallery-22723]
Ая бу йил 78 ёшни қарши олди. 3 нафар ўғил, 2 нафар қизнинг онаси, 20 дан ортиқ набира, 15 дан ортиқ чеваранинг севимли бувиси. Бирозгина тоби бўлмаса-да, биз билан узоқ суҳбат қурди. 1991 йилдан 2020 йилга қадар, салкам ўттиз йил Тошкентда, Наврўз, Мустақиллик байрамлари муносабати билан ўтказиладиган давлат тадбирларида ўз қўллари билан ясалган ҳунармандчилик маҳсулотлари ила иштирок этди.
– Эсимда, –дейди ая гапни ҳазилга йўйиб.– Ана шундай тадбирларнинг бирида беларуслик меҳмон тамаки трубкаси деб мендан ўғил болаларнинг сумагини сотиб олди.Тушунтирмоқчи бўлдим, аммо яхши нарса экан, дея олиб кетди. Эртасига қайтиб келиб, “бу тамаки трубкаси эмас, ўзбекларнинг сумаги экан-ку” дейди. Роса қаҳқаҳа бўлганди. Бундай воқеалар кўп бўлиб турарди. Муҳими, ҳамма гап ҳалолликда. Бу гапларни бизга ёшлигимиздан ўргатишган. Ҳозиргилар бирозгина чапанироқ, гап кўтармайди. Фарзандларимни меҳнатга ўргатдим. Яратганга шукр, кам бўлгани йўқ.
Машрабхон ая ва унинг фарзандлари бешикчилик, ҳунармандчиликнинг ортидан шаҳар, вилоят, республика миқёсида ўтказилган “Ташаббус” ва бошқа кўрик-танловларда иштирок этиб, совринли ўринларни кўп маротаба қўлга киритишган.
Айни вақтда Гулистон шаҳрининг маҳалла қисмида – Мирзаобод туманида унинг каттагина устахонаси бор. Унда ўн-ўн беш чоғли ҳунармандчилик сир-асрорларини ўрганмоқчи бўлган ёшлар ҳунар ўрганиб, меҳнат қилаётган бўлса, ишсиз, кам таъминланган оилалар бекалари бешик учун ёпинчиқ, кўрпа, кўрпача, сўзана ва палакларни тикади.
Тўғрисини айтганда, бир қарасанг, ҳунармандчилик соҳаси осондек туюлади. Аммо унинг ҳам ўзига яраша қийин томонлари бор. Чунки, Машраб ая, унинг ўғли Хуршиджон, набираси Фаррухжон ва шогирдлари томонидан тайёрланадиган бешик Тошкент, Фарғона, Жиззах, Самарқанд бешикларидан тубдан фарқ қилади. Улар кўпроқ андижонлик ҳунармандлар услубида бешик ясашади. Ҳатто, буюртмага асосан ўзи тебранадиган, йиғиладиган бешик ҳам тайёрлайди. Бешик учун асосан тол дарахти, унинг бутоқларидан фойдаланилади.
Бундан ўттиз- ўттиз беш йиллар муқаддам, Андижондан бешик учун ишлатиладиган қоратол новдаларини олиб келиб, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Боёвут, Гулистон туманларида томорқа хўжалиги бор хонадонларга бериб, “Беш йилдан сўнг фойда беради” дея эктиради. Бугун ана шу мижозлар хомашё билан узлуксиз таъминлайди.
Республикамизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш, боғ-роғ яратиш ишлари кетяпти. Ҳар бир кесилган дарахтга эса мораторий эълон қилинган. Бу эса, ая, унинг фарзандлари ишига ўз таъсирини ўтказмасдан қолгани йўқ. Шу боисдан, эндиликда Россия давлатидан келтирилаётган сосна дарахти ёғочларидан фойдаланишяпти.
– Ниятларимиз кўп. Бирозгина тобим йўқроқ. Бўлмаса, янги вилоят раҳбарига учрашиб, бирон бир чоғлироққина ердан 2-3 гектар атрофида ер сўрамоқчиман, – дейди Машрабхон Ая Каримова.– Унга бешик учун керак бўладиган қора тол ва терак экиб, уни парваришлашни йўлга қўймоқчиман. Чунки, тол беш йилда бешикка ишлатса бўладиган бутоқ беради. Таг- томири билан ерда қолиб, яна кўкариб чиқади. Бунинг ҳеч қандай экологияга салбий таъсири йўқ. Қайтанга чор-атрофга чирой бериб туради. Бунинг ортидан ҳунармандчилик соҳаси ривожланади. Қанча касб-ҳунарсиз, ишсиз ёшлар ишли бўлади.
Бешикчилар сулоласи давомчилари нафақат янги бешик, эски бешик, сандиқларга қайта ҳаёт бағишлайди. "Биров қирқ йиллик онасидан қолган сандиқни, яна биров ўзи ётган, катта бўлган етмиш- саксон йиллик бешикни кўтариб келади набираларим, чевараларим, бизнинг ёшимизга кириб юрсин, дея ният қилиб. Албатта, биз бундан хурсанд бўламиз" дейди Хуршиджон.
Муҳими, бугун улар ҳунармандчиликни ривожлантириш, шу соҳага қизиқиши бор бўлган ёшларга ўзлари ўрганган, билган ҳунар турларини ўргатишга ҳаракат қилишяпти. Мақсад боболаридан мерос бўлиб қолган кўҳна ҳунар турини авлодлардан авлодларга мерос қилиб қолдиришдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири