“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг маҳалла босқичи ўтказилди
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларининг маҳалла босқичлари ўтказилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятидаги маҳаллаларда стол тенниси ҳамда енгил атлетика бўйича мусобақаларнинг маҳалла босқичи бўлиб ўтди.
Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни китоб ўқиш, миллий ҳунармандчиликка қизиқтириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортга бўлган эътиборини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда 16-21, 22-26, ва 27-30 ёш тоифасидаги ўғил-қизлар ўзаро беллашди. Жумладан, Паркент тумани Булоқбоши маҳалласидан мазкур спорт мусобақаларига 205 нафар иштирокчи қатнашди.

“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларини ўтказиш учун республикамизнинг барча маҳаллаларига 2 тадан футбол, волейбол ва баскетбол коптоклари ва 4 тадан гимнастрада ҳалқалари етказиб берилди.

Мусобақалар муросасиз ва қизиқарли бўлди. Айниқса, ўғил болалар ўртасида бўлиб ўтган беллашувлар кўтаринки руҳда ва таассуротларга бой ўтди.
Якуний натижаларга кўра, ғолибликни қўлга киритганлар сектор босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

Гулноза Бобоева, ЎзА