Беларусдан биринчи тўғридан-тўғри блок поезд Ўзбекистонга етиб келди
Сўнгги йилларда темир йўл тизими жадал ривожланмоқда. Бир қанча янги русумли вагонларнинг олиб келинаётгани фикримизнинг ёрқин ифодасидир.
"Тошкент минтақавий темир йўл узели" филиалига қарашли Чуқурсой станциясида Беларусдан Ўзбекистонга келган "Славян карвони" номли маршрут юк поездини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, "Темирйўлинфратузилма" АЖ, "Тошкент МТУ" филиали раҳбарияти ҳамда Беларусь Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётгани, хусусан, ушбу йўналишнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларусь Республикасига расмий ташрифи ҳамда Беларусь Республикаси Президенти билан ўтказилган музокараларнинг амалий натижаларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.
Икки давлат раҳбарлари стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдони ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб бердилар. Бу вазифаларни замонавий ва самарали транспорт-логистика инфратузилмасисиз амалга ошириш мумкин эмас.
Жорий йилнинг 11–14 июль кунлари Беларусь Республикасининг Витебск вилоятида бўлиб ўтган икки томонлама учрашув доирасида темир йўл орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа юкларни ташиш масалалари муҳокама қилинди.
2026 йил 30 июль куни Орша-Восточная станциясидан йўлга чиққан, жами 51 та вагондан иборат 3034-сонли ушбу поезд 3822 км масофани босиб ўтиб, Чуқурсой станциясига етиб келди.
Маросимда таъкидланганидек, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бундан буён ҳам Беларусь темир йўли билан ҳамкорликни изчил ривожлантириш, халқаро транспорт йўналишларини такомиллаштириш, замонавий логистика ечимларини жорий этиш ҳамда икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича фаол ишларни давом эттиради.
Шербек Исломов,
ЎзА