Байроғим - фахрим, ғурурим
Давлатимиз байроғи - бу Ватанимиз мустақиллигининг тимсоли бўлиб, ўзида бутун Ўзбекистон халқининг ғайрати ва шижоатини мужассам этган.
18 ноябрь - “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлигининг 31 йилллиги муносабати билан турли тадбирлар, давра суҳбатлари ва танловлар ташкил этилмоқда.
Сана муносабати билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими томонидан Навоий шаҳар маданият ва санъат мактаби рассомчилик йўналиши ўқувчилари ўртасида “Байроғим - фахрим, ғурурим” шиори остида расмлар кўрик-танлови ўтказилди.

Танловда 50 нафарга яқин ўқувчилар иштирок этиб, улар ўз ижодий ишларида Давлатимиз байроғини тинчлик тимсоли, Ватанимиз ғурури ва фахри сифатида тасвирладилар.
Танлов якунида ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, биринчи ўринга 11-синф ўқувчиси Маржона Аҳадова лойиқ деб топилди.

– Мен ўзим чизган Давлатимиз байроғи тимсолида яхшилик, тинчликсеварлик, беғуборлик ва софликни, орзулар тозалиги ва ички гўзалликка интилувчанликни, навқиронлик, табиат билан уйғун янгиланиб боришликни тасвирладим. Байроғимдаги юлдузлар тасвири эса ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз она ерида саодатга интилиши рамзи сифатида тасвирланган, – дейди ёш рассом М.Аҳадова.
Ғолиб ва совриндорлар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Тадбир сўнгида якка ёлғиз кекса ва нуронийлар ҳолидан ҳам хабар олинди.
Жумладан, Кармана туманидаги “Арғун” маҳалласида яшовчи 85 ёшли фахрий ўқитувчи, 47 йил бир мактабда ўқувчиларга сабоқ берган Ҳимматулло Рахматов хонадонига ташриф буюрилиб, нуроний отахон билан дилдан суҳбат қурилди. Байрам муносабати билан отахоннинг кўксига байроғимиз тасвирланган лента тақилиб, фонднинг эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА.