Батошдаги чиқиндилар тозаланди
Яқинда сайтимиз орқали Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Батош маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли намунали лойиҳалар асосида қурилган уй-жой массивида йиғилиб қолган чиқиндилар билан боғлиқ мақола эълон қилинган эди.
ЎзА танқидидан сўнг...
Яқинда сайтимиз орқали Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Батош маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли намунали лойиҳалар асосида қурилган уй-жой массивида йиғилиб қолган чиқиндилар билан боғлиқ мақола эълон қилинган эди.
Танқиддан сўнг мазкур муаммо туман мутасаддилари томонидан ўрганиб чиқилиб, тез фурсатда муносабат билдирилди. Қашқадарё вилоят “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Қарши туман филиалига қарашли махсус машиналар ёрдамида чиқиндилар тозалаб олинди.
Бундан массивда яшовчи хонадон эгалари ҳам, нафимиз тэкканидан биз ҳам мамнун бўлдик. Аммо муаммони кўтаришдан мақсад тўрт-беш машина чиқиндини олдириш эмасди. Боиси бугун тозалаб олинган жой яна бир неча ҳафтада ахлатхонага айланиб қолиши кундек равшан. У ерда яшовчи фуқаролар эса чиқиндиларни ташлайдиган махсус жой қурилишини истайди.

Ушбу ҳолат бўйича туман ҳокимлиги вакиллари билан боғландик.
– Туманимизда чиқиндиларни тозалаш билан боғлиқ муаммоларнинг борлиги рост, – дейди туман ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Жасур Ғаниев. – Бу масалалар бўйича маҳаллалар кесимида йўл хариталари тузилмоқда. Жумладан, Янги Батош маҳалласига ҳам жорий йил охирига қадар 4 та махсус чиқиндихона қуриб берилади. Бу маҳалланинг бош режасига киритилган. Бундан ташқари бир нечта нуқталарига кўчма контейнерлар ҳам қўйилади. Туман тоза ҳудуд ташкилоти аҳоли билан келишган ҳолда чиқиндиларни тозалаб кетиши тўлиқ йўлга қўйилади.
Туман ҳокимлиги вакилининг жавобидан аниқ бўлдики, жорий йил охирига бориб, Янги Батошда чиқинди билан боғлиқ муаммоларга барҳам берилади. Албатта, бу гаплар фақат қоғозларда режалигича, қолиб кетмайди деб умид қиламиз.
Шу ўринда Қашқадарё вилояти “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси Қарши туман филиалининг имкониятлари хусусида тўхталсак. Филиал раҳбари Санжар Султоновнинг таъкидлашича, идора балансида 8 та чиқинди ташийдиган, 1 та фикаловоз ва 1 та самосвал каби махсус техникалар бор ва тумандаги 10 та маҳалла билан шартнома асосида ишлайди. Бириктирилган маҳаллалардаги чиқиндилар ўша техникалар ёрдамида ҳафтасига бир маротаба тозаланади.
Қарши туманида айни пайтда 50 дан зиёд маҳаллалар мавжуд. Энг қизиғи Батош маҳалласи ҳам ҳафтасига тозаланадиган маҳаллалар ўнталигига киритилган экан. У ерда юзага келган ҳолатни ҳисобга олсак, рўйхатга киритилган ўнта маҳалладаги аҳволни чамалаш қийин эмас.
Кўринадики, “Тоза ҳудуд” ташкилоти туман филиалининг фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар ҳам ҳали талайгина. Энди бу алоҳида мавзу.