Барнахус – болага мослаштирилган модел
Самарқандда Бош прокуратура, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасида “Барнахус” (“Barnahus”) тизимида вояга етмаганларни тергов сўроғидан ўтказиш мавзусида ўқув семинар ўтказилмоқда.
Унда прокуратура, ички ишлар ва суд идоралари ходимлари, психологлар, эксперт ва мутахассислар иштирок этмоқда.

Барнахус – зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болалар билан ишлашнинг комплекс, болага мослаштирилган модели. “Barnahus” исланд тилида “Болалар уйи” деган маънони англатади. Ушбу модель 1998 йилда Исландияда жорий этилган ва кейинчалик бошқа Европа мамлакатларига тарқалган.
– Бу тизимда энг муҳим қоида – бола турли идораларга қайта-қайта бориб, бошидан кечирган воқеани қайта-қайта айтиб, янада кўпроқ руҳий жароҳат олмаслигини таъминлаш, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Сардор Луқмонов. – Оддий тизимда бола билан ички ишлар ходими, терговчи, прокурор, шифокор, психолог, ижтимоий ходим алоҳида-алоҳида ишлаши мумкин. “Барнахус”да эса мутахассислар ҳамкорликда, имкони борича бир жойда ва ягона мувофиқлаштирилган жараён асосида ишлайди. Бола учун хавфсиз ва болага мос муҳит яратилади, махсус тайёрланган мутахассис интервью ўтказади, бошқа идоралар зарур саволларни шу жараён орқали мувофиқлаштиради. Шу билан бирга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам ташкил этилади. Мамлакатимизда ҳам айни пайтда ушбу моделни ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.


Ўқув-семинарда Бош прокуратура, Олий суд ва Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа идоралар масъуллари вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни келгусида янада кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўз юритди. Халқаро экспертлар ва соҳа мутахассислари янги моделда иш юритиш юзасидан тушунчалар берди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири