Баркамол авлод: ҳозирча самарқандликлар пешқадам
Ўтган йилнинг декабрь ойида старт олган «Баркамол авлод» спорт ўйинлари финал босқичи баҳсларининг бугунгача 9 та йўналишидаги мусобақалар жумладан, кураш, футбол, дзюдо, енгил атлетика, волейбол (қиз ва ўғил болалар), баскетбол (қизлар ва ўғил болалар), гандбол (қизлар ва ўғил болалар) спорт турлари бўйича ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Маълумки, 12 та спорт туридан ўтказилувчи ушу спорт ўйинлари якунида 14 та ҳудуднинг тўплаган очколари ҳисобига биноан умумжамоа ҳисобида ғолибликни қўлга киритган ҳудуд аниқланади.
Ҳозирда 9 та мусобақадан сўнг самарқандлик спортчилар 107 очко билан «Баркамол авлод» спорт ўйинларида етакчилик қилмоқда. 2-ўринни 103 очко билан Хоразм вилояти спортчилари, 3-ўринда 96 очкога эга фарғоналик ёшлар боришмоқда.
Шунингдек, юқори учликка кириш учун Сурхондарё вилояти терма жамоаси 92 очко, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилояти спортчилари эса 90 очкодан жамғарган ҳолда яхши имкониятга эга бўлиб туришибди.
Эслатиб ўтамиз, «Баркамол авлод» спорт ўйинларининг республика финал босқичида яна бадминтон, белбоғли кураш, стол тенниси, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича жами 5 та мусобақа ўтказилиши кутилмоқда.
Ўйинларнинг финал босқичи якунида жадвалнинг юқори учлигидан ўрин олган ҳудудларнинг спортчи-ёшларига Ўзбекистон Республикаси Президенти совринлари топширилади.
ЎзА